Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украина разведкаси: Рамзан Қодировнинг соғлиги оғир аҳволда бўлиши мумкин

Украина разведкаси: Рамзан Қодировнинг соғлиги оғир аҳволда бўлиши мумкин

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг соғлиги оғир аҳволда бўлиши мумкин. Украина Бош разведка бошқармасининг маълумотларига кўра, у буйрак етишмовчилиги сабабли диализ муолажасидан ўтаётган бўлиши эҳтимол қилинмоқда.

Манбаларнинг таъкидлашича, Қодиров Чеченистондаги хусусий клиникалардан бирида даволанмоқда. Айни пайтда унинг оила аъзолари мазкур тиббий муассасага йиғилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган. Расмий Грозний ёки Кремль бу маълумотларга ҳозирча изоҳ бермаган.

Шу билан бирга, разведка маълумотларида Кремль Чеченистон раҳбарияти учун эҳтимолий ворислар масаласини муҳокама қилаётгани айтилган. Манбаларга кўра, эҳтимолий номзодлар орасида Чеченистон ҳукумати раиси Магомед Даудов, «Ахмат» махсус бўлинмаси қўмондони Апти Алаудинов, шунингдек, Рамзан Қодировнинг катта ўғли Ахмат Қодиров тилга олинмоқда.

Магомед Даудов 2024 йил май ойидан бери Чеченистон Республикаси ҳукумати раиси лавозимида ишлаб келмоқда. У 2015–2024 йилларда республика парламентига раҳбарлик қилган ва Қодировнинг яқин атрофидаги энг таъсирли шахслардан бири сифатида танилган.

Апти Алаудинов — генерал-майор унвонига эга ҳарбий амалдор бўлиб, Росгвардия таркибидаги «Ахмат» бўлинмасига қўмондонлик қилади. У инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ даъволар сабаб АҚШ Конгресси томонидан санкциялар рўйхатига киритилган.

Шунингдек, 20 ёшли Ахмат Қодиров ҳам эҳтимолий ворис сифатида тилга олинмоқда. У айни пайтда Чеченистон ҳукумати раиси ўринбосари ҳамда спорт вазири лавозимларини эгаллаб келмоқда.

Маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган, расмий идоралар эса Қодировнинг соғлиги ва ворислик масаласи бўйича ҳозирча баёнот бермаган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг