Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Вафот этган» Бибимарям тирик экани тасдиқланди — Face ID ишга тушди

«Вафот этган» Бибимарям тирик экани тасдиқланди — Face ID ишга тушди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида истиқомат қилувчи Холботаева Бибимарямнинг куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаати кўпчиликнинг эътиборини тортди. У давлатнинг айрим электрон тизимларида вафот этган фуқаро сифатида кўрсатилаётгани, шу сабабли Face ID орқали шахсини тасдиқлашда муаммога дуч келаётганини айтган эди. Бугун эса вазиятга ойдинлик киритилди.

Бибимарямнинг Face IDси қайта ишга туширилди. Унинг айтишича, муаммони ҳал қилишда Адлия вазирлиги, Давлат персоналлаштириш агентлиги ҳамда Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази мутахассислари амалий ёрдам кўрсатган.

«Бугун Face IDим ишга тушди. Мен бундан жуда ҳам хурсандман. Ҳаммангизнинг қўллаб-қувватлашларингиз орқали шу нарсага эришдим», — дейди Бибимарям.

Бибимарямнинг сўзларига кўра, муаммо 2022 йилда, биринчи фарзандини дунёга келтирганидан кейин юзага келган. Унинг айтишича, туғруқхонада ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида чақалоқнинг ўлими ҳақидаги маълумотга онанинг ўлими ҳам қўшиб юборилган. Натижада у давлат базаларида вафот этган фуқаро сифатида қайд этилган.

Бу ҳолат кейинги йили яна фарзандли бўлиш учун туғруқхонага борганида аниқланган. Ўша вақтда ҳам тегишли идораларга мурожаат қилиниб, маълумотларни тузатиш бўйича ишлар олиб борилган. Бироқ орадан вақт ўтиб, муаммо яна такрорланган. Шундан сўнг Бибимарям турли идораларга мурожаат қилган, тегишли телефон рақамларига қўнғироқ қилган ва ниҳоят муаммони оммага олиб чиқишга қарор қилган.

Мурожаат эътиборсиз қолмади

Фуқаронинг мурожаати кенг жамоатчиликка етказилгач, масалага тегишли ташкилотлар томонидан эътибор қаратилди.

Адлия вазирлиги, Давлат персоналлаштириш агентлиги ва Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан муаммони аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тегишли ишлар олиб борилди. Натижада бугундан бошлаб Бибимарямнинг Face ID тизими қайта ишлай бошлади.

Бу ҳолат рақамли давлат хизматларида маълумотларнинг аниқлиги ва турли ахборот тизимларининг ўзаро уйғун ишлаши қанчалик муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Чунки бугунги кунда фуқаронинг давлат хизматларидан фойдаланиши, шахсини тасдиқлаши ва кўплаб жараёнлардан электрон тарзда ўтиши бевосита рақамли тизимлардаги маълумотларга боғлиқ.

Шу билан бирга, ҳар қандай катта тизимда инсон омили ёки техник сабаблар туфайли хатолик юзага келиши эҳтимоли мавжуд. Муҳими, бундай ҳолат аниқланганда уни тезда бартараф этиш ва фуқаронинг ҳуқуқларини тиклашдир. Бибимарямнинг ҳолатида ҳам айнан шу жараён кузатилди.

Рақамлаштиришнинг муҳим томони — муаммони тез ҳал қилиш имконияти

Бугун давлат хизматларини рақамлаштиришдан кўзланган асосий мақсадлардан бири — фуқароларнинг вақтини тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ва хизматларни имкон қадар тез ва қулай кўрсатишдир. Бибимарямнинг ҳолати эса бу тизимларнинг ортида мутахассислар ва идоралараро ҳамкорлик туришини ҳам кўрсатди.

Бир фуқаронинг мурожаати асосида Адлия вазирлиги, Давлат персоналлаштириш агентлиги ва Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази биргаликда масалага ечим топди. Айниқса, рақамли давлат хизматларининг узлуксиз ишлаши, ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси ва фуқароларнинг электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг техник салоҳияти муҳим аҳамият касб этади. Бибимарямнинг Face IDси тиклангани эса муаммонинг амалий ечими бўлди.

Бибимарям бугунги натижадан мамнун. У куни кеча қилган мурожаати ортидан муаммосига эътибор қаратилгани ва Face IDси тикланганини айтиб, ёрдам берган ташкилотлар ҳамда уни қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди.

Бу воқеа бир томондан давлат ахборот тизимларида маълумотларни тўғри юритиш қанчалик муҳимлигини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан эса бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатлари жуда тез фурсат ичида амалий натижага айланаётганлигини ҳам намоён этди. Рақамлаштиришнинг асл мақсади ҳам шунда — технология инсон учун ишлаши, фуқаро эса тизим олдида эмас, тизим фуқаро учун хизмат қилиши керак!

Эъзоза Турғунова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг