Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ХАМАС яна икки исроилликнинг жасадини қайтарди

ХАМАС яна икки исроилликнинг жасадини қайтарди

ҲАМАС Исроилга яна икки нафар ҳалок бўлган гаровдаги шахсларнинг жасадларини топширди.

The Times of Israel нашри ёзишича, улар – Инбар Ҳайман ва Муҳаммад ал-Атраш.

Маълумотларга кўра, 27 ёшли Ҳайман Ҳайфа шаҳрида яшаган бўлиб, 2023 йил 7 октябрда «Nova» мусиқа фестивалига қилинган ҳужум пайтида ўлдирилган. Унинг жасади кейинчалик Ғазо ҳудудига олиб кетилган.

Муҳаммад ал-Атраш эса Исроил мудофаа қўшинларида (ЦАХАЛ) хизмат қилган ва Нахал-Оз атрофидаги жангларда ҳалок бўлган. Унинг жасади ҳам Ғазога олиб кетилган эди.

The Times of Israel маълумотича, ҲАМАС ҳануз 19 нафар исроиллик фуқароларнинг жасадларини ушлаб турибди.

АҚШ президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган тинчлик режасига кўра, ҲАМАС Исроилга барча гаровдаги шахсларни – тирик ёки ҳалок бўлган – қайтариши лозим.

13 октябрь куни ХАМАС 20 нафар тирик гаровдагиларни озод этган. Шундан сўнг гуруҳ ўлдирилганларнинг жасадларини қайтаришни бошлаган. Бироқ 15 октябрь куни маълум бўлишича, қайтарилган жасадлардан бири бошқа шахсга тегишли бўлган.

Исроил расмийлари таъкидлашича, гаровдаги фуқароларнинг жасадларини қайтариш – келишувнинг асосий шарти ҳисобланади. Агар бу талаб бажарилмаса, ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиши мумкин.

ХАМАС эса ўз навбатида, улар фақат «топиш имкони бўлган жасадларни» қайтараётганини, қолганларини излаш учун «катта куч ва махсус ускуналар» кераклигини айтди. Гуруҳ «бу масалани ҳал этиш учун жиддий ҳаракат қилаётганини» ҳам қўшимча қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг