Хорижда ўқиётган давлат хизматчисининг маоши ва лавозими сақлаб қолинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ҳужжатга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси нуфузли хорижий таълим муассасасининг магистратура ёки докторантурасига грант асосида қабул қилинганда, иш берувчининг ёзма розилиги билан унинг иш ўрни ва лавозими сақлаб қолиниши таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, давлат хизматчисининг хорижда таҳсил олиш даври меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши ва кўп йиллик хизмат учун тўланадиган устамаларни белгилашда инобатга олиниши назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида иш берувчи розилик беришда ўқув дастурининг йўналиши давлат органи фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлишини ҳисобга олиши белгиланмоқда.
Шунингдек, хориждаги таълим дастури якунлангач, давлат хизматчиси ўқиган муддатига тенг давр мобайнида тегишли давлат органи тизимида ишлаб бериши шарт бўлади.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter