Зеленский: Украина Россия зарбаларига «Кремль каби жавоб қайтаради»
Украина президенти Владимир Зеленский Россия томонидан давом этаётган ҳужумларга жавобан Киев «Кремль каби жавоб қайтаришини» маълум қилди. Унга кўра, Украина ўз ҳаракатларини яқин кунлардаги вазиятдан келиб чиқиб белгилайди.
Президент ўз мурожаатида Россияни ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифларни рад этиб, ҳужумларни давом эттираётганликда айблади.
«Биз кўряпмизки, Россия бизнинг сулҳ таклифимизга янги зарбалар ва янги ҳужумлар билан жавоб бермоқда», – деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Киев томонидан дипломатик йўл билан келишувга эришиш учун аниқ таклиф берилган ва Россия бу борада мулоқот қилиш имкониятига эга.
«Бугун ва эртанги вазиятга қараб, биз мутлақо асосли жавоб чораларини белгилаймиз», – деди Украина раҳбари.
Аввалроқ Россия 8-9 май кунларига тўғри келадиган икки кунлик бир томонлама сулҳ эълон қилган эди. Украина эса ўз навбатида ўт очишни 6 май ярим тундан бошлаб тўхтатишни таклиф қилди.
Бироқ Зеленскийнинг айтишича, Киев таклиф этган сулҳ дастлабки соатлардаёқ бузилган. Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан минглаб қоидабузарликлар қайд этилган, жумладан фуқаролик инфратузилмасига зарбалар берилган ва дронлар қўлланган.
Хусусан, Суми вилоятидаги болалар боғчасига берилган зарба натижасида икки киши ҳалок бўлган. Ҳодиса вақтида боғчада болалар бўлмаган.
Мазкур воқеалар Россияда нишонланадиган 9 май – Ғалаба куни арафасида содир бўлмоқда. Бу сана одатда Москвадаги йирик ҳарбий парад билан ўтади.
Хабарларга кўра, жорий йилда хавфсизлик сабаблари туфайли парад кўлами қисқартирилиши мумкин. Қримда эса байрам тадбирлари бутунлай бекор қилинган.
Украина томони эса аввалроқ фронтдан анча узоқда жойлашган объектларга ҳам зарба бера олиш имконига эга эканини намойиш қилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter