Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Исроил ўғирланган донларни сотиб оляпти»: Украина ва ЕИ Исроилга қарши санкция қўлламоқчи

«Исроил ўғирланган донларни сотиб оляпти»: Украина ва ЕИ Исроилга қарши санкция қўлламоқчи

Исроил портида Украинага тегишли дон атрофида юзага келган баҳс халқаро миқёсда янги сиёсий ва иқтисодий тортишувга айланмоқда. Европа Иттифоқи, Украина ва Исроил ўртасидаги позициялар фарқи бу масалани янада мураккаблаштирмоқда.

Маълум қилинишича, Исроилнинг Ҳайфа портига яна бир кема дон билан кириб келган. Украина томони бу дон Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудлардан олиб чиқилганини даъво қилмоқда. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ушбу ҳолатни кескин танқид қилиб, бундай савдо икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказмаслиги кераклигини таъкидлади.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам бу масалага муносабат билдириб, «ўғирланган маҳсулотни сотиб олиш ҳар қандай мамлакатда жиноят ҳисобланади», дея баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Киев бундай операцияларга алоқадор бўлган шахслар ва компанияларга қарши янги санкциялар пакетини тайёрламоқда.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия оккупация қилинган ҳудудларда етиштирилган донни ташқи бозорларга ўз маҳсулоти сифатида чиқармоқда. Бу жараёнда «кемадан-кемага» схемаси қўлланилиб, юкнинг ҳақиқий келиб чиқиш манбаси яширилаётгани таъкидланади. Киев баҳолашича, 2025 йилнинг ўзида шундай усуллар орқали 2 миллион тоннадан ортиқ дон экспорт қилинган бўлиши мумкин.

Европа Иттифоқи ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдириб, Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган учинчи давлатлар компанияларига нисбатан чекловлар жорий этилиши мумкинлигини билдирди. ЕИ ташқи сиёсат хизмати вакили Ануар Эль-Ануни Россиянинг «соя флоти» орқали амалга оширилаётган бундай операцияларни қоралаб, зарур ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чоралар кўрилишини таъкидлади. Шу билан бирга, Брюссель бу масала юзасидан Исроил томонига ҳам мурожаат қилган.

Исроил эса айбловларга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Мамлакат ташқи ишлар вазири Гидеон Саар мазкур кема портга кирмагани ва тегишли ҳужжатлар тақдим этилмагани сабабли айбловларни текшириш имкони бўлмаганини билдирди. У, шунингдек, Украина томонини масалани дипломатик каналлар орқали эмас, балки оммавий ахборот воситалари орқали кўтаргани учун танқид қилди.

Исроил парламенти қўмитаси раиси, Молия вазирининг собиқ ўринбосари Волдигер эса Россия-Украина уруши аввалида мамлакат украинларга ҳарбий анжомлар (ўқ-дорилар, каскалар), эрта огоҳлантириш тизимлари ҳамда тиббий инфратузилма (шифохоналар) етказиб берганини, энди эса «Украина Исроилга қарши санкциялар қўллаш билан таҳдид қилаётгани»ни айтиб, Киевни ношукурликда айблайди

Шу тариқа, «ўғирланган дон» атрофидаги можаро фақат савдо ёки логистика масаласи бўлиб қолмай, балки кенгроқ геосиёсий ва ҳуқуқий баҳсга айланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг