Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

“Кўпроқ имконият – кўпроқ мустақиллик дегани”.  ЕИ ҳамкорлик қўлини чўзмоқда

“Кўпроқ имконият – кўпроқ мустақиллик дегани”.  ЕИ ҳамкорлик қўлини чўзмоқда

20 октябрь куни Люксембургда Европа Иттифоқи комиссарлари, Қора денгиз, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари вазирлари иштирокида минтақалараро хавфсизлик ва ўзаро боғлиқлик масалалари бўйича машварат ташкил этилди. Мазкур учрашув Брюсселнинг Қора денгиз минтақасига оид стратегик ёндашуви ва Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Машваратда Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Туркия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлари вазирлари ҳамда вакиллари  қатнашди. ЕИ номидан Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил/Европа Комиссияси вице-президенти Кая Каллас, Кенгайиш бўйича комиссар Марта Кос ҳамда Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела иштирок этди.

ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув давомида иштирокчилар манфаатли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро бардошлиликни кучайтириш ва янада боғланган, хавфсиз ҳамда фаровон минтақаларни тарғиб этиш борасида ўз мажбуриятларини тасдиқладилар.

Вазирлар сессиясида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик кун тартиби муҳокама қилинди. Мазкур ташаббус иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, узоқ муддатли умумий фаровонлик, ҳамкорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, ЕИни Туркия ва Жанубий Кавказ орқали Марказий Осиё билан боғлашга йўналтирилган.

Асосий эътибор транспорт (минтақалараро Транс-Каспий транспорт йўлагини кучайтириш ва транспорт алоқаларини кенгайтириш),  рақамли технологиялар (юқори тезликдаги интернетни ривожлантириш орқали инновациялар, рақамли савдо ва муҳим инфратузилманинг хавфсизлигини таъминлаш),  энергетика (энергия тармоқларини яхшилаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш орқали энергия хавфсизлиги ва диверсификациясини ошириш), савдо (божхона жараёнларини уйғунлаштириш ва рақамлаштириш орқали чегаралардаги савдони соддалаштириш ҳамда бозор интеграциясини чуқурлаштириш) каби тўрт устувор йўналишга қаратилди.

“Қора денгиз минтақаси Европа Иттифоқи учун стратегик аҳамиятга эга. Россиянинг Украинадаги уруши минтақа бўйлаб хавфли оқибатларга олиб келмоқда. Москванинг ҳарбий фаолияти, соя флотлари, сузиб юрувчи миналар ва кема навигация тизимларини тўсиш каби ҳолатлар – умумий хавфсизлик муаммолари бўлиб, уларга жамоавий жавоб талаб этилади. Қора денгиздан ташқари, уруш Осиё ва Европа ўртасидаги қуруқликдаги савдога ҳам таъсир кўрсатди. Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан биргаликда биз ўзаро алоқаларни диверсификация қиламиз ва савдо, энергия ҳамда рақамли имкониятларни кенгайтирамиз”, – дейди ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас.

“Россиянинг тажовузкор урушидан олдин Осиё ва Европа ўртасидаги аксар қуруқлик савдоси Россия орқали ўтарди. Бугун бу йўл ёпилган. Бизга муқобил йўллар зарур. Шу сабабли Европадан то Хитой чегараларигача чўзилган барча мамлакатлар илк бор Люксембургда йиғилди. Барчамиз ягона етказиб берувчига боғлиқлик бизни заифлаштиришини биламиз. Биргаликда янги инфратузилма қуриш орқали биз ўзимизга кўпроқ ҳаракат эркинлиги, савдо имкониятлари, энергия манбалари ва рақамли маълумот алмашуви йўлларини яратамиз. Кўпроқ имконият  бу – кўпроқ мустақиллик дегани”, – дейди ЕИнинг Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос.

“Марказий Осиё – навқирон аҳоли қатламига эга, Европа билан “Глобал дарвоза” доирасида фаол ишлаш салоҳиятига эга динамик минтақа. Биз биргаликда ушбу салоҳиятни реал имкониятларга айлантира оламиз. Транспорт, энергетика ва рақамли тармоқлардаги ишончли ўзаро боғлиқлик бунга асос бўлади. Минтақалар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш орқали биз савдони ривожлантирамиз, иш ўринлари яратамиз ва ҳар икки томонда барқарор фаровонликни таъминлаймиз”, – дейди Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела.

Муҳокамаларда барча иштирокчилар ўртасида мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди. Европа Комиссияси амалдаги тажрибаларга асосланиб, ҳамкор мамлакатлар, халқаро молия институтлари, хусусий инвесторлар ва манфаатдор учинчи томонларни бирлаштирувчи мувофиқлаштириш механизми таклифини тайёрлайди. Ушбу механизм 2025 йил 27 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган ТCТC Инвесторлар ва ўзаро боғлиқлик форумида тақдим этилади.

“Ўзбекистон халқаро транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш, инновациялар ва технологиялар алмашинуви платформаларини ривожлантириш, минтақалар ўртасида хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлайдиган шерикликни чуқурлаштиришга устувор аҳамият қаратишда давом этади. Мулоқотларимиз минтақалараро боғлиқлик нафақат инфратузилма, балки ишончни мустаҳкамлаш, инновацияларни рағбатлантириш ва халқларимиз учун умумий фаровонлик яратиш эканини яна бир бор тасдиқлади”, – дейди Люксембург машваратида қатнашган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов.

Маълумот ўрнида: 21 октябрь куни Люксембургда Ўзбекистон – Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгашининг 18-йиғилиши ҳам ўтказилди.

“Мазкур йиғилиш натижалари ҳамкорлигимизни кенгайтириш ва умумий қадриятларга асосланган янада мустаҳкам, истиқболга йўналтирилган шерикликни шакллантиришда янги туртки беришига ишончимиз комил”, – деб ҳисоблайди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг