Ўзбекистон Лесото Қироллиги билан дипломатик алоқа ўрнатди
2026 йил 27 март куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Лесото ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди.
«Дунё» АА хабарига кўра, Лесото Қироллиги Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 166-мамлакат бўлди. Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Лесотонинг БМТдаги миссияси раҳбари Матете Нена имзолади.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари доирасида яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Икки томонлама алоқаларни давом эттириш, биринчи навбатда, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини излаб топиш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка қитъаси мамлакатлари билан ҳар томонлама ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Палау давлат вазири Густав Айтаро Нью-Йорк шаҳрида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзолаган эди. Тинч океанининг ғарбий қисмида жойлашган ушбу архипелаг-давлат Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 165-мамлакат бўлган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter