Президент Шавкат Мирзиёев июл ойида Беларусга расмий ташриф билан боради
Жорий йил июл ойида Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларус ҳудудлари форумининг учинчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Беларус Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич билан учрашувда маълум қилди.
Учрашув Беларус делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида, «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасининг асосий ялпи мажлисида иштирок этиш муносабати билан бўлиб ўтди.
Ариповнинг таъкидлашича, жорий йилдаги энг муҳим воқеалардан бири – Ўзбекистон Президентининг Беларус Республикасига расмий ташрифи бўлади. Айни пайтда мазкур ташрифга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Шунингдек, июл ойида Минск шаҳрида ҳудудлар форумини ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди. Бош вазир икки давлат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланаётганини, ўзаро ташрифлар мунтазам амалга оширилаётганини қайд этди.
Яқин истиқболдаги режаларга кўра, май ойида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг 12-йиғилиши ўтказилади.
Арипов Беларусни Ўзбекистоннинг яқин ва ишончли ҳамкори сифатида таърифлаб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда жадал суръатларда ривожланаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу жараён ташқи иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, у 2026 йил февраль ойида Беларусь Бош вазири Александр Турчиннинг Ўзбекистонга амалий ташрифи давомида қўшма лойиҳалар муҳокама қилинганини ва ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилганини эслатиб ўтди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter