Президент Халқ қабулхонаси ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Президент Халқ қабулхонаси ташкил этилади. Бу «Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек туман ва шаҳар ҳокимлари тегишли Халқ қабулхоналарига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади. Улар мунтазам равишда фуқароларни шахсан қабул қилиб, муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўради.
Шу билан бирга, мурожаатлар таҳлили олиб борилиб, тизимли муаммолар аниқланади ва улар бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Фармонга мувофиқ, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар ўз фаолияти юзасидан Президентга тақдимотларида аҳоли мурожаатларидаги тизимли муаммолар ва уларни ҳал этиш режалари ҳақида алоҳида ҳисобот беради.
Шунингдек, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўтказиладиган шахсий ва сайёр қабуллар тўлиқ рақамлаштирилади. Бу орқали қабул жараёнлари устидан доимий назорат ўрнатилади.
Жамоавий мурожаатлар эса аҳоли вакиллари ҳамда маҳалла еттилиги иштирокида ўрганилиб, уларнинг розилиги асосида назоратдан олинади.
2026 йил 1 майдан бошлаб Виртуал қабулхона тизимида мурожаатлар бўйича назорат вақти режими жорий этилади. Муддати ўтган мурожаатлар автоматик равишда юқори турувчи органларга ўтказилади.
Мурожаатлар «шошилинч», «одатий» ва «маслаҳат талаб қилувчи» тоифаларга ажратилади. Назоратга қайтарилган мурожаатлар 3 иш куни ичида қайта кўриб чиқилиши шарт этиб белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter