Ўзбекистонда илк бор ўтган халқаро кимё олимпиадаси ғолиблари тақдирланди
18 июл куни Тошкент шаҳридаги Халқаро анжуманлар саройида 58-Халқаро кимё олимпиадаси (IChO 2026) ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда олимпиада иштирокчилари, уларнинг устозлари, тегишли вазирлик ва давлат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

58-Халқаро кимё олимпиадаси Марказий Осиё тарихида илк бор Ўзбекистонда ташкил этилди. Мусобақада дунёнинг 94 давлатидан қарийб 1 000 нафар ўқувчи, жамоа раҳбарлари, Халқаро илмий қўмита аъзолари, кузатувчилар ва хорижий меҳмонлар иштирок этди.
Олимпиада амалий ва назарий босқичларда ташкил этилди. Амалиёт босқичида иштирокчилар 5 соат давомида учта лаборатория топшириғини бажарди. Назарий синовларда эса кимё фанидан тўққизта масала ечиш учун 5 соат вақт берилди. Саволлар орасида Ўзбекистонга оид топшириқлар ҳам ўрин олди.
Олимпиада доирасида иштирокчилар учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Самарқанднинг тарихий обидаларига ташрифлар уюштирилди.
Тантанали маросимда энг юқори натижа қайд этган иштирокчилар олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди.
Мазкур олимпиадада Ўзбекистондан тўрт нафар ўқувчи иштирок этди.
Президентнинг 2024 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўзбекистонлик иштирокчилар учун олтин медаль учун 1 миллиард 30 миллион сўм, кумуш медаль учун 618 миллион сўм, бронза медаль учун 412 миллион сўм миқдорида мукофот пули берилади. Уларга тайёргарлик кўрган ўқитувчилар ҳам алоҳида рағбатлантирилади ва малака тоифаси бир поғонага оширилади.
Маълумот ўрнида, 2026 йилнинг шу даврига қадар Ўзбекистон ўқувчилари 23 та халқаро фан олимпиадасида иштирок этиб, жами 192 та медал — 32 та олтин, 69 та кумуш ва 91 та бронза медални қўлга киритган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter