«Энг инновацион ғоя» талабалар танловининг мукофот жамғармаси 10 млрд сўм этиб белгиланди
Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Энг инновацион ғоя» республика танлови ўтказилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 463-сон қарори билан танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тасдиқланди.
Танлов икки босқичда — олий таълим муассасаси ва республика миқёсида ташкил этилади. Биринчи босқич ҳар йили давлат ОТМларида ўтказилади ва ғолиблар олийгоҳларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади.
ОТМ босқичида ғолибларга:
- 1-ўрин учун — 50 млн сўм;
- 2-ўрин учун — 30 млн сўм;
- 3-ўрин учун — 20 млн сўм грант берилади.
Республика босқичида эса мукофот миқдори анча юқори бўлади:
- 1-ўрин — 500 млн сўм;
- 2-ўрин — 300 млн сўм;
- 3-ўрин — 200 млн сўм.
Шундай қилиб, ҳар бир йўналиш бўйича республика босқичи ғолибларига жами 1 млрд сўм, 10 та йўналиш бўйича эса умумий ҳисобда 10 млрд сўм мукофот ажратилиши белгиланган.
Танлов республика босқичида қуйидаги 10 та йўналиш бўйича ўтказилади: рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, молиявий технологиялар, қишлоқ хўжалиги технологиялари, киберхавфсизлик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, мудофаа ва хавфсизлик, энергия технологиялари, сув хўжалиги технологиялари ҳамда таълим ва илм-фан.
Қарорга кўра, республика босқичи ғолиблари хорижий давлатлардаги инкубация, акселерация ва стажировка дастурларига ҳам юборилиши мумкин.
Танловнинг биринчи босқичи ҳар йили 20 ноябрга қадар давлат олий таълим муассасаларида ўтказилади. Республика босқичини эса 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ташкил этиш белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter