АҚШ Ойда атом реакторини ўрнатишни режалаштиряпти
АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатнинг янги космик ривожланиш режасини тасдиқлади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Америка Қўшма Штатлари ядровий технологиялар ёрдамида Ойга қайта учишни мақсад қилган.
Янги стратегия асосида Миллий аэрокосмик идорага (NASA) «Артемида» дастурини жадал ривожлантиришга рухсат берилди. Режага кўра, 2028 йилга қадар америкалик фазогирлар яна Ой юзасига қадам қўяди, 2030 йилга бориб эса у ерда АҚШнинг доимий таянч нуқтаси ташкил этилади.
Режанинг энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган жиҳати — атом энергиясидан фойдаланишдир. АҚШ Ойдаги келажак базани барқарор электр қуввати билан таъминлаш мақсадида ядровий реактор ишлаб чиқиш ва уни Ой юзасига ўрнатишни кўзламоқда. Оқ уй маълумотига кўра, мазкур реактор ўн йил давомида ишга туширишга тайёр ҳолга келтирилади.
Янги космик стратегия фақат Ой билан чекланиб қолмайди. Ҳужжатда «Олтин гумбаз» деб номланган янги ҳимоя тизими ҳам назарда тутилган. У ҳаводан келиши мумкин бўлган хавфларни барвақт аниқлашга хизмат қилади. Бу тизим Ер атрофи фазоси ҳамда Ер билан Ой орасидаги ҳудудни назорат қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, Оқ уй ушбу қарор орқали иқтисодий самарага ҳам умид қилмоқда. Режага мувофиқ, янги фармон Америка космик соҳасига камида 50 миллиард доллар сармоя жалб қилиш, шунингдек, давлат буюртмалари тизимини янгилашга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур стратегия АҚШнинг коинотдаги устувор мавқеини мустаҳкамлаш, шу билан бирга, келажакдаги илмий, ҳарбий ва иқтисодий манфаатларни таъминлашга қаратилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter