АҚШ ва Украина ўртасида музокаралар «конструктив» руҳда ўтди – Уиткофф
22 март куни АҚШнинг Флорида штатида Америка ва Украина делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувлар давом этаётган воситачилик саъй-ҳаракатлари доирасида ташкил этилди.
АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф маълум қилишича, музокаралар «конструктив» руҳда ўтган ва асосий эътибор ҳал этилмаган масалалар доирасини қисқартиришга қаратилган.
Уиткофф музокаралар аҳамиятини таъкидлаб, улар глобал барқарорлик учун муҳим эканини қайд этди.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам делегация АҚШда эканини тасдиқлаб, 22 март куни биринчи учрашув бўлиб ўтганини маълум қилди.
«Бутун дунё учун дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этиши муҳим. Ҳеч ким бу урушни истамайди», – деди у.
Зеленскийнинг айтишича, музокаралар 23 март куни ҳам давом этади.
Украина раҳбарига кўра, музокаралардаги асосий масала Россиянинг урушни тугатишга қанчалик тайёр экани билан боғлиқ.
«Асосий савол – Россия ҳақиқий ва ҳалол равишда урушни тўхтатишга тайёрми», — деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, бу музокаралар Яқин Шарқдаги, хусусан Эрон атрофидаги кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда ўтмоқда. Бу эса Украинадаги урушни ҳал этиш масаласини янада мураккаблаштирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter