ЕИ: Уруш тугаса ҳам нефт ва газ нархлари тез орада пасаймайди
Европа Иттифоқи Яқин Шарқдаги уруш тугаса ҳам нефть ва газ нархлари яқин вақт ичида барқарор ҳолатга қайтмаслигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда ЕИнинг энергетика бўйича комиссари Дан Йоргенсен маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, айни пайтда ЕИга аъзо 27 давлатда нефть ва газ танқислиги кузатилмаяпти, бироқ дизель ва авиация ёқилғиси таъминотида босим сақланиб қолмоқда. Шунингдек, жаҳон газ бозорида чекловлар ортиб бораётгани электр энергияси нархларининг ўсишига олиб келяпти.
«Энг муҳими – очиқ айтиш керак: ҳатто эртага тинчлик ўрнатилса ҳам, биз яқин келажакда одатий ҳаётга қайтмаймиз», – деди Йоргенсен ЕИ энергетика вазирлари учрашувидан кейинги матбуот анжуманида.
Маълум қилинишича, Эрон атрофидаги можаро фонида Европада нефть нархи тахминан 60 фоизга, газ нархи эса 70 фоизгача ошган. Бу эса ЕИнинг импорт қилинадиган ёқилғи учун харажатларини 14 миллиард еврога кўпайтирган.
Еврокомиссия аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун қатор чора-тадбирлар пакетини тайёрламоқда. Улар қаторида газ ва электр энергияси нархларини ўзаро боғлиқлигини камайтириш, электр энергиясига солиқларни пасайтириш каби таклифлар бор. Шунингдек, фавқулодда даромад олган энергетика компанияларига нисбатан бир марталик солиқ жорий этиш эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.
Йоргенсеннинг айтишича, ЕИ давлатлари бозорда пароканда қарорлар қабул қилмаслиги учун ўзаро мувофиқлаштирилган сиёсат юритиши зарур. Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва иқтисодиётнинг қийин аҳволга тушган тармоқларини қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгайтирилади.
ЕИ, шунингдек, энергия тежаш чораларини кучайтиришни ҳам таклиф қилмоқда. Жумладан, уйдан ишлашни кенгайтириш, автомагистралларда тезликни пасайтириш, ва жамоат транспортидан фойдаланишни ошириш каби чоралар кўриб чиқилмоқда.
Расмийнинг таъкидлашича, Европа Россия газига боғлиқликни кескин камайтирган: бу кўрсаткич урушдан олдинги 45 фоиздан ҳозир 10 фоизга тушган. Яқин истиқболда бу рақамни нолга етказиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун АҚШ, шунингдек, Озарбайжон, Жазоир ва Канада каби давлатлардан импортни ошириш кўзда тутилган.
Йоргенсен Европа Иттифоқи Россия энергия ресурсларини харид қилишни давом эттирмаслиги кераклигини таъкидлаб, «Путин энергияни сиёсий босим воситаси сифатида қўллашига йўл қўймаслик лозим»лигини айтди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter