Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эрон ва Уммон Ҳўрмуз бўғозида вақтинчалик йўлак очишни муҳокама қиляпти

Эрон ва Уммон Ҳўрмуз бўғозида вақтинчалик йўлак очишни муҳокама қиляпти

Фото: AP

Эрон ва Уммон Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракатини тартибга солиш, вақтинчалик навигация йўлагини ташкил этиш ва акваторияни биргаликда миналардан тозалаш масалаларини муҳокама қилди.

Сешанба куни Теҳронда Уммон ташқи ишлар вазири Бадр Албусаидий ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи учрашди. Томонлар бўғоз орқали кемалар ҳаракатини босқичма-босқич тиклашга қаратилган схемани кўриб чиққан.

Қўшма баёнотга кўра, дастлаб Ҳўрмуз бўғозида вақтинчалик қўшма навигация йўлаги ташкил этилиши, шунингдек, миналарни тозалаш ишлари олиб борилиши мумкин.

Кейинги музокараларда доимий навигация йўлагини белгилаш, бўғозни бошқариш тартиби, ахборот алмашинуви, кемалар ҳаракатини мувофиқлаштириш ва хавфсизлик хизматларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.

Уммон ТИВ раҳбари Бадр Албусаидий яқин вақт ичида вақтинчалик йўлак ҳақида расман эълон қилинишига умид билдирган. У томонлар кейинчалик доимий ечим ва бўғозни ким бошқариши бўйича ҳам келишувга эришишга ҳаракат қилишини айтган.

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободийнинг маълум қилишича, Уммон қўлтиғидан Форс кўрфазига кирувчи вақтинчалик денгиз йўли тўлиқ Эрон ҳудудий сувлари орқали ўтади. Чиқиш йўли эса Эрон ва Уммон ҳудудий сувларини қамраб олади.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат музокараларни келгуси 30–60 кун давомида давом эттириши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Эрон расмийлари Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазиятни Покистон делегацияси билан ҳам муҳокама қилган. Покистон томони музокараларни тиклаш ва минтақадаги ҳарбий қарама-қаршиликни юмшатиш бўйича воситачилик қилишга уринмоқда.

Ҳозирча вақтинчалик йўлак қачон ишга тушиши ва унинг аниқ ҳуқуқий ҳамда хавфсизлик механизми қандай бўлиши маълум эмас.

Музокаралар фонида Уммон соҳиллари яқинида яна бир нефт кемасига ҳужум қилингани хабар қилинди.

Буюк Британиянинг денгиз савдоси операциялари бошқармаси — UKMTO маълумотига кўра, ҳодиса Уммоннинг Аш-Шишаҳ шаҳри шимоли-шарқида, соҳилдан тахминан 9 денгиз мили — 16,7 километр узоқликда содир бўлган.

Кеманинг машина бўлими шикастланган ва у ҳаракатланиш имкониятини йўқотган. Ҳужумни ким амалга оширгани ҳозирча маълум эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг