Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Филиппинда фавқулодда ҳолат жорий этилди

Филиппинда фавқулодда ҳолат жорий этилди

Филиппин президенти Фердинанд Маркос мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Фавқулодда чоралар «Калмаэги» тўфонининг ҳалокатли оқибатлари ортидан қабул қилинди. Табиий офат туфайли камида 140 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. Филиппин Фуқаро мудофаа бошқармаси маълумотича, 2 миллионга яқин аҳоли зарар кўрган, 560 мингдан ортиқ киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Себу провинциясида, айниқса оғир аҳвол кузатилмоқда – ер силкиниши оқибатларидан ҳали тўлиқ тикланмаган ҳудудда бутун маҳаллалар сув остида қолган ёки вайрон бўлган. Бу ерда 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 65 нафар фуқаро бедарак йўқолган.

Филиппин ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли вертолёт ҳалокатида ҳам 6 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Улар гуманитар ёрдам етказиш учун парвоз қилган бўлиб, фожиа Агусан-дель-Сур провинциясида содир бўлган.

Метеорологлар маҳаллий аҳолини ҳушёрликка чақирмоқда – келаси ҳафтада яна бир кучли тўфон Филиппин оролларига етиб келиши мумкин. Мамлакатда ҳар йили тахминан 20 га яқин тўфон ва довуллар кузатилади. Шунингдек, Филиппинда ўндан зиёд фаол вулқонлар ва тез-тез содир бўладиган ер силкинишлари борлиги туфайли у дунёдаги энг кўп табиий офатларга мойил давлатлардан бири ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг