Ғарб санкциялари Россияга 1,3 трлн еврогача зарар етказди
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар Россия иқтисодиётига 1–1,3 триллион евро миқдорида зарар етказганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Люксембургда бўлиб ўтган ЕИ Ташқи ишлар кенгаши йиғилишида Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси, «соя флоти» ва гибрид таъсир тармоқларига қарши қаратилган янги чекловлар тасдиқланган.
Каллас айни пайтда Россияга қарши 21-пакет санкциялар устида иш олиб борилаётганини ва унинг тайёргарлиги тезлаштирилишини таъкидлади. Маълумотларга кўра, янги санкциялар июл ойида қабул қилиниши мумкин.
Шунингдек, ЕИ Россиянинг Украинадаги урушида иштирок этган шахсларга нисбатан Шенген ҳудудига киришни тақиқлаш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкнанинг таъкидлашича, бундай чекловлар 600 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийга тааллуқли бўлиши мумкин.
Каллас ЕИда ушбу шахсларни аниқлаш учун етарли разведка маълумотлари мавжудлигини билдириб, бу масала нафақат Украина хавфсизлиги, балки Европа хавфсизлиги учун ҳам муҳим эканини қайд этди.
Бундан ташқари, у Европа мамлакатларини Россиянинг маданият ва санъат вакилларини қўллаб-қувватлашдан тийилишга чақирди. Калласнинг фикрича, Россия томонидан Украинадаги маданий мерос объектларига етказилаётган зарар фонида бундай шахсларга «қизил йўлак» ёйиш мақбул эмас.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter