ҲАМАС Исроилга яна уч нафар гаровдагиларнинг жасадини қайтарди
ҲАМАС гуруҳи Исроилга яна уч нафар гаровга олинган шахснинг жасадларини қайтарди.
Reuters агентлиги маълумот беришича, 2 ноябрь куни кечқурун учта тобут Қизил Хоч вакиллари орқали Ғазо секторида воситачиларга топширилган, шундан кейин улар экспертиза учун Исроилга етказилган.
Исроил мудофаа армиясининг маълум қилишича, ўтказилган экспертиза натижалари жасадларнинг ҳақиқатан ҳам Исроил ҳарбийларига тегишли эканини тасдиқлади. Энди улар оилаларига дафн маросими учун топширилади.
Улар 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳаракатининг Исроилга ҳужуми пайтида жангда ҳалок бўлган, кейин уларнинг жасадлари Ғазога олиб кетилган.
Эслатиб ўтамиз, ҲАМАС отишмани тўхтатиш бўйича сўнгги келишув доирасида ўз қўлида қолган 20 нафар тирик гаровдаги шахсни озод қилди ва барча ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтаришга ваъда берди. Ҳозирча жасади топширилмаган саккиз нафар исроиллик қолган.
Шунингдек, Исроил қарийб икки минг нафар фаалстинлик маҳбусни — терроризмда айбланганлар ҳамда жанглар пайтида ҳибсга олинган ва судсиз қамалган шахсларни озод қилди. Шу билан бирга, 360 нафар фаластинликнинг жасадлари ҳам қайтарилди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги отишмани тўхтатиш келишуви 10 октябрдан кучга кирган. Бироқ ҳар икки томон ҳам келишувни бузишда бир-бирини айбламоқда. Исроил томони Ғазо секторидаги чегара ҳудудларига чекланган зарбаларни амалга ошираётгани, бу ҳужумлар ҳамасчиларнинг ҳаракатларига жавоб эканлигини айтиб келяпти.
Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тинчлик келишуви тузилгандан бери Исроил авиаҳужумлари натижасида 236 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter