Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Шавкат Мирзиёев Киберхавфсизлик маркази олдига қатор вазифаларни қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев Киберхавфсизлик маркази олдига қатор вазифаларни қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни кибержиноятларга қарши самарали курашиш ҳамда прокурор назоратини рақамлаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда 31 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланмоқда. Шу билан бирга, сўнгги беш йилда юртимизда кибержиноятлар сони эса 68 баробарга кўпайган. Жорий йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган.

Фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари ва электрон имзолари бўйича амалга оширилаётган фирибгарликлар сони кескин ортиб бормоқда. Жиноятларнинг катта қисми интернет орқали амалга оширилиб, энг кўп тарқалган усуллардан бири – банк карталари орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳисобланади.

Шахсий маълумотлар ҳимояси бўйича аниқ механизм мавжуд эмас, айрим тадбиркорлик субъектлари мижозларнинг маълумотларини очиқ базаларда сақламоқда. Давлат хизматлари соҳасида ҳам биометрик идентификация ва электрон рақамли имзолардан фойдаланишда киберхавфсизлик бўйича етарли кафолатлар таъминланмаган.

Шунингдек, банк тизимида киберҳужумларнинг олдини олиш, шубҳали пул операцияларини аниқлаш ва тезкор чора кўриш механизмлари етарли даражада самарали ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, тақдимотда соҳанинг ҳуқуқий, технологик ва илмий-услубий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддилар бу борада ишлаб чиқилган ечимларни баён қилди.

Шахсга доир маълумотлар билан ишлашда киберхавфсизлик талабини, бундай маълумотларни шифрлаб сақлаш тартибини жорий этиш, маълумотга ишлов берувчи шахсларнинг реестрини юритиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Банк соҳасида онлайн-микроқарз ажратишда фирибгарлар таъсирини чекловчи замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш, фирибгарлик натижасида жабрланувчининг номига олинган микроқарзни ундан ундирмаслик, шубҳали банк ҳисобварақларини блоклашни туну кун режимда йўлга қўйишнинг механизмлари таклиф қилинди.

Кибержиноятчиликнинг янги турлари – смарт қурилмаларга ҳужумлар, криптоактивларни ноқонуний эгаллаш каби таҳдидларнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш, жумладан, уларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришдан асосий мақсад – бюрократия ва коррупцияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш.

Масалан, давлат харидларида танлов ва тендерлар рақамлашгани учун шу йилнинг ўзида 7,5 триллион сўм тежалди. Бугун аҳоли ва тадбиркорларга 1 мингга яқин давлат хизматлари масофадан туриб кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, йил бошидан буён давлат органлари томонидан 7 мингдан зиёд қонунга зид ҳужжатлар қабул қилингани, шунингдек, назорат идораларининг фаолиятида 12,5 минг нафар тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилгани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан қонунлар ижроси устидан масофавий назорат тизимини яратиш, давлат идораларида қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини текшириш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш зарур.

Тақдимотда Бош прокуратура тизимида рақамли прокурор назоратини жорий этиш, текширувлар ва мониторинг жараёнини автоматлаштириш бўйича таклифлар ҳақида ахборот берилди. Бу орқали қонун бузилишларини эрта аниқлаш, масъул шахсларнинг ҳаракатларини реал вақт режимида кузатиш ҳамда прокурор назоратини шаффоф ва самарали ташкил этишнинг имкони яратилади.

Ҳозирда терговчиларнинг ишини баҳолаш бўйича ягона тизимнинг йўқлиги, ҳисоботларнинг “қўлда” юритилаётгани, жиноят ишларининг ҳали ҳам қоғоз шаклида сақланаётгани иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳисобот тайёрлаш жараёни бир ҳафтагача вақт олмоқда.

Йил бошидан буён тергов органлари томонидан 1300 та қарорни қабул қилишда процессуал тартибларга амал қилинмагани, камчиликлар туфайли 637 та жиноят ишининг материаллари судлар томонидан терговга қайтарилгани маълум қилинди.

Шу боис, жиноят ҳақида хабар келиб тушганидан тортиб, суд қарори ижросигача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш, тергов фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш вазифаси белгиланди. Бу тизим тергов жараёнини тезлаштиради, инсон омилини камайтиради ва масъулиятни оширади.

Шунингдек, рақамли технологиялар орқали содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш учун сунъий интеллект, киберҳуқуқ ва рақамли ҳуқуқ йўналишларида кадрлар тайёрлашни бошлаш вазифаси қўйилди. Бу орқали соҳада замонавий таҳлил усулларидан фойдалана оладиган, рақамли хавф-хатарларни олдиндан аниқлайдиган ва уларга самарали жавоб беришга қодир профессионаллар қатламини шакллантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг