Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил армиясида аскарларнинг ўз жонига қасд қилиши кескин кўпайди

Исроил армиясида аскарларнинг ўз жонига қасд қилиши кескин кўпайди

Фото: AFP

Ғазо секторидаги урушдан кейин Исроил армияси ҳарбий хизматчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин даражада ортди.

Исроилнинг Haaretz газетаси ёзишича, жорий йил бошидан буён камида 10 нафар ҳарбий хизматчи (шундай олти нафари апрель ойида) ўз жонига қасд қилган. Урушга захирадан жалб этилган уч нафар собиқ аскар ҳам апрель ойида ихтиёрий равишда ҳаёт билан видолашган. Апрель ойида яна икки нафар чегарага жалб этилган полиция ходими ўз жонига қасд этган.

2023 йил октябрь ойига қадар, яъни Ғазо уруши бошлангунча Исроил армияси ҳарбийлари орасида ҳар йили ўртача 12 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилган. Бу кўрсаткич йил сайин ошмоқда: 2023 йилда – 17 та, 2024 – 21 та, 2025 йилда – 22 та.

Жорий ўсиш кўрсаткичи сўнгги 15 йилдаги энг юқори рақам экани айтилмоқда.

Суицидлар сони ошиб бораётгани Ғазо уруши оқибатлари, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий юки ва мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбийларга психологик кўмак қисқаргани билан изоҳланган.

Аввалроқ The Times of Israel газетаси ҳам Ғазо уруши бошланганидан кейин яҳудий давлати аскарлари орасида ўз жонига қасд қилиш “эпидемия”си кучайгани ҳақида хабар берганди.

Исроил армияси тарқатган маълумотга кўра, Ғазо секторида қонли уруш бошлангандан буён исроиллик минглаб аскар руҳий беқарорлик сабаб жанг майдонини тарк этган.

Ўтган йили Исроил армияси бош штаби бошлиғи Эяль Замир армияда руҳий саломатлик ҳолати ёмонлашганини тан олган ва минглаб аскарлар руҳий муолажа олаётганини айтган эди.

Маълум бўлишича, Ғазо урушида жароҳатланган 10 мингга яқин аскар руҳий беқарорликдан азият чекмоқда ва махсус даволаш курсини ўтамоқда.

Мудофаа вазирлиги ички текширувида аскарларнинг ўз жонига қасд қилиши урушда олинган руҳий жароҳат, даҳшатли саҳналарни кўриш ҳамда дўстларни йўқотиш оқибати деб баҳоланган.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин 72550 дан зиёд фаластинлик ўлдирилди. Уларнинг асосий қисми бегуноҳ болалар, аёллар ҳамда қариялардир.

Жумладан, БМТ ҳисоб-китобига кўра, 2023 йил октябрдан 2025 йил декабрга қадар бўлган муддатда Исроил ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида ғазолик 38 мингдан зиёд хотин-қизлар ҳалок бўлган

Икки ўртада сулҳ битими имзоланган 2025 йил 10 октябрдан кейин ҳам 780 га яқин фаластинлик ўлдирилди.

Ғазо секторидаги 90 фоиз бинолар – тураржойлар, шифохоналар, мактаблар, масжидлар ер билан яксон этилди.

Ҳали-ҳамон қамал остида яшаётган Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳоли ҳаётига бомбалардан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.

2025 йил сентябрь ойида халқаро комиссия Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг