Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Озарбайжон Россияга Қорабоғнинг асл мақомини эслатди

Озарбайжон Россияга Қорабоғнинг асл мақомини эслатди

Фото: Trend

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийларининг Қорабоғ минтақаси бўйича баҳсли фикрларига муносабат билдирди.

«Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг жорий йил 1 апрел куни Москвадаги учрашуви мобайнида ҳамда ундан кейин Россия расмий шахслари оммавий муҳокамаларда Озарбайжоннинг мутлақ ички ишларига оид масалаларни кўтаришди. Шу муносабат билан Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасидан сиёсий спекуляция мақсадида фойдаланиш мумкин эмаслиги ва мамлакатларнинг бу каби баҳсларни бас қилиши борасида Озарбайжон томонининг позицияси Россия Федерацияси президенти маъмурияти, ҳукумати ва ташқи ишлар вазирлигига тегишли дипломатик каналлар орқали етказилди», – дейилади ТИВ баёнотида.

Шунга қарамай, Россиядаги сиёсий мунозараларда ушбу мавзу ҳали-ҳамон муҳокама этилмоқда.

«Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков «Вести» телеканалига интервьюсида Арманистон–Россия муносабатлари бўйича ўз фикрини билдирар экан, яна бир карра Қорабоғ минтақаси Озарбайжоннинг таркибий қисми эканини биринчи бўлиб ким тан олди – Россиями ёки Арманистон деган савол юзасидан шарҳ берди. Қорабоғ минтақаси Озарбайжоннинг ажралмас таркибий қисми экани бирор бир давлатнинг қарорига эмас, балки тарих, халқаро ҳуқуқ ва адолат тамойилига асосланади. Бу 2020 йилдаги 44 кунлик Ватан уруши ҳамда 2023 йилдаги бир кунлик аксилтеррор тадбирларида яна бир карра тасдиқланди ва қатъий равишда белгиланди. Биз такрор бўлса-да, Россия томонига бирор бир мамлакат, шу жумладан, Россия Федерацияси Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги, жумладан, Қорабоғ минтақаси мақомини шубҳа остига олмаганини эслатишни лозим топдик», – дейилади баёнотда.

Расмий Боку Россия ва Арманистон алоқалари мушкул вазиятда қолаётган бир даврда Озарбайжон суверенитетига дахлдор масала жамоатчилик шоҳидлигида муҳокама этилишига йўл қўйилмаслигини урғулаган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг