Трамп маъмурияти Гренландияни куч билан эгаллаш режасини ишлаб чиқяпти – ОАВ
АҚШ президенти Дональд Трамп Гренландияни ҳарбий йўл билан эгаллаш эҳтимоли бўйича режа тайёрлашни мамлакат ҳарбий тузилмаларига топширган. Бу ҳақда Mail on Sunday нашри дипломатик манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрга кўра, Трамп АҚШ Қуролли кучларининг махсус операциялар учун масъул бўлинмаси — Joint Special Operations Command’га эҳтимолий ҳарбий сценарийни ишлаб чиқиш вазифасини берган. Президент аввалроқ Гренландия масаласида келишувга эришишни исташини, бироқ бунинг иложи бўлмаса, «қаттиқ йўл»ни танлашга тайёр эканини айтган эди.
Шу билан бирга, АҚШ ҳарбий раҳбарияти Трампнинг ушбу ғоясини қўллаб-қувватламаётгани хабар қилинмоқда. Нашр манбаларининг таъкидлашича, айрим америкалик генераллар Гренландияни куч билан эгаллаш режасини ақлга сиғмайдиган ва халқаро ҳуқуққа зид деб ҳисоблайди. Дипломатик доираларда эса бундай ёндашув НАТО ичида жиддий инқироз келтириб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.
Mail on Sunday манбаларига кўра, ҳарбийлар бу масалани энг ёмон сценарий сифатида баҳолаб, президентни бошқа йирик ҳарбий-сиёсий масалаларга эътибор қараттиришга уринаётгани ҳам қайд этилган.
Дания расмийлари эса Гренландиянинг мақоми масаласида ўз позициясини яна бир бор таъкидлади. Дания бош вазири Метте Фредериксен бир неча бор Гренландия савдо объекти эмаслигини ва унинг келажаги фақат гренландияликлар қарори билан белгиланишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Гренландия Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Гренландия масаласи сўнгги ойларда АҚШ, Дания ва НАТО давлатлари ўртасидаги сиёсий баҳсларнинг марказида бўлиб қолмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter