Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Украина билан яқин иттифоқчиси ўртасидан қора мушук ўтди

Украина билан яқин иттифоқчиси ўртасидан қора мушук ўтди

Президентлар Навроцкий ва Зеленскийнинг Варшавадаги учрашуви. 2025 йил 19 декабр.

Фото: VCG

Украина президенти Владимир Зеленский Иккинчи жаҳон урушида партизанлик уруши олиб борган Украина исёнчи армиясига (УИА) қаҳрамон унвони бериш билан яқин иттифоқчиси Полша раҳбариятини дарғазаб қилди. Бунга жавобан Полша президенти Кароль Навроцкий ҳамкасби Зеленскийни уч йил аввал тақдим этилган юксак мукофотдан маҳрум қилмоқчи.  

Жорий йил 26 май куни Владимир Зеленский “миллий армиянинг тарихий анъаналарини тиклаш” мақсадида Украина исёнчи армиясига (УИА) қаҳрамон фахрий унвонини берди. 1942 йилдан бошлаб Украина миллатчилик ташкилотининг қуролли қаноти сифатида совет, поляк ва немис аскарларига қарши партизанлик уруши олиб борган УИА мустақил Украина давлати тузишга ҳаракат қилган.

Дастлаб нацистлар Германияси томонида бўлган УИА Украинага тегишли деб даъво қилинган ҳудудлардан полякларни сиқиб чиқаришга уринган. Жанглар мобайнида мазкур армия тинч аҳоли вакили бўлган полякларни қатлиом қилгани айтилади.  

Ўнг муҳофазакор қатламга мансуб Кароль Навроцкий полякларни қиришда айбланадиган УИАга қаҳрамон унвони берилишини кескин танқид қилди.

«Афсуски, президент Зеленский Украина ўз менталитети ва Украина исёнчи армиясига мансуб босқинчи ҳамда қотилларни шарафлаши билан Европа оиласининг бир қисми бўлишга тайёр эмаслигини исботлади», — деди Навроцкий.

2023 йилнинг 5 апрел куни Зеленскийга Полшанинг аввалги президенти Анджей Дуда томонидан мамлакат олий мукофоти — “Оқ бургут” ордени топширилган эди. Мукофот “Полша ва Украина ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришдаги хизматлари, хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги қатъий содиқлиги” учун тақдим этилганди. Ўшанда Дуда Зеленскийга қарата «Сизнинг қатъий позициянгиз Европани Россия империализми босқинидан қутқармоқда», деганди.

Полшанинг амалдаги президенти Навроцкий УИА шарафланиши ортидан Зеленскийни мазкур юксак мукофотдан маҳрум қилишни таклиф этмоқда.

Полша ваколатли органининг ушбу масала муҳокама этиладиган навбатдаги мажлиси 8 июн куни ўтказилади.

Полша Россия Украинага бостириб кирган 2022 йил феврал ойидан бошлаб Киевни ҳарбий ва сиёсий жабҳада дастаклаб келган. Таҳлилчиларга кўра, Варшаванинг кўмаги рус агрессиясини илк ойларда қайтаришда Киевга жуда асқотган.  

2015-2025 йилларда Полша президенти лавозимида фаолият юритган Анджей Дуда Украинани қатъий равишда қўллаб-қувватлаган. 2025 йил август ойидан президентлик курсисини эгаллаган Кароль Навроцкий эса Украинага нисбатан танқидий позицияда. Асли касби тарихчи бўлган Навроцкий Полшада украин қочқинларига ижтимоий нафақалар берилишини танқид қилиб келади. У, шунингдек, Украинанинг Европа Иттифоқига кириш имкониятини шубҳа остига олган.

Украина раҳбарияти билан яхши муносабатда бўлган Полша бош вазири Доналд Туск эса тарангликни юмшатишга уринмоқда. У ҳар бир миллат тарихни ўзича талқин этишга ҳақли экани, аммо Зеленский ва “украин дўстларимиз” УИАнинг қоронғи мероси поляклар учун оғриқли эканини тушуниши лозимлигини айтган. Туск Зеленскийни олий мукофотдан маҳрум қилиш ташаббусини ҳам маъқулламаган.

Дарвоқе, Украина ташқи ишлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, УИАга қаҳрамон унвони берилиши Полшага қарши қаратилмаганини билдирган.

«Украина армияси учун УИАнинг кураши фақат Москванинг империяча сиёсатига қарши курашни англатади», — дейилади расмий Киев баёнотида.   

Тарихий баҳслар, ҳудудий даъволар узоқ йиллар мобайнида Полша ва Украина муносабатларига соя солиб келган. Жумладан, УИА томонидан Иккинчи жаҳон урушида 100 мингдан зиёд поляк қатлиом қилингани, поляк партизанлари эса қасос сифатида 20 мингга яқин украинни ўлдиргани айтилади. УИА 1945 йилдан кейин ҳам совет ҳукуматига қарши курашни давом эттирган. Шунга кўра Украинада мазкур ҳарбий гуруҳ Россияга қарши кураш рамзи деб кўрилади.

2022 йилда Россия Украинага бостириб киргач, Полша ва Украина ўртасидаги тарихий баҳслар иккинчи планга ўтгандек туюлган эди. Бироқ Варшава томонидан бир миллиондан ортиқ украиналик қочқиннинг қабул қилиниши ортидан Полша жамоатчилигида қўшни давлатга нисбатан муносабат ёмонлашди. Хусусан, ўнг қанотга мансуб сиёсатдонлар украиналикларга берилаётган ижтимоий имтиёзларни танқид қилмоқда. Варшава томонидан Киевнинг ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши ҳам савол остига олинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг