Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитойда йирик жиноий оиланинг ҳукмронлигига чек қўйилди

Хитойда йирик жиноий оиланинг ҳукмронлигига чек қўйилди

Хитойда XXI асрнинг “Минг сулоласи” ҳукмронлиги тугатилди. 

Хитой давлат телерадиокомпанияси хабар беришича, Вэнчжоу шаҳрида йирик жиноятчилик билан шуғулланиб келган Минг оиласининг 39 нафар аъзосига суд ҳукми ўқилди. Улар Мянманинг Хитой билан чегарадош Лауккаинг шаҳрида жойлашган фирибгарлик марказларини бошқариб келган. 

Минг оиласининг қора фаолияти 

Тергов натижаларига кўра, 2015 йилдан бери Минг оиласи онлайн фирибгарлик, ноқонуний қиморхона фаолияти, наркотиклар савдоси ва бошқа бир қатор жиноятлар билан шуғулланган. Улар бошқарган фирибгарлик марказларидан тушган ноқонуний даромад 10 миллиард юандан (1,4 миллиард АҚШ доллари) ортиқ маблағни ташкил қилган. 

Оила Лауккаингдаги Crouching Tiger Villa номи билан танилган 10 мингдан ортиқ ишчига эга марказларни бошқариб келган. Ишчиларнинг кўпчилиги одам савдоси қурбонига айланган ва мунтазам равишда қийноққа солиб келинган. 

Хитой давлат ОАВ берган маълумотларига кўра, 30 сентябрь куни Минг оиласи аъзоларига қуйидагича суд ҳукми ўқилган: 

 - 11 нафарига – ўлим жазоси; 

 - 5 нафарига – шартли ўлим жазоси (2 йилга кечиктирилган); 

 - 11 нафарига – умрбод қамоқ; 

 - 12 нафарига – 5 йилдан 24 йилгача озодликдан маҳрум этиш. 

 Халқаро муносабат ва кескин чоралар 

Минг оиласи Мянмада ҳам энг кучли жиноий тармоқлардан бири сифатида танилган. 2023 йилда Мянма ҳукумати уларнинг қидирувдаги кўплаб аъзоларини Хитой полициясига топширган. Оила етакчиси Минг Хуэчанг ҳибсга олинаётганда ўз жонига қасд қилгани ҳақида миш-мишлар ҳам йўқ эмас. 

Хитой ҳукуматининг бу масалага нисбатан қатъий ёндашуви халқаро миқёсда эътибор қозонди. Пекин босими остида Таиланд ҳам Мянма билан чегарадош ҳудудлардаги фирибгарлик марказларига қарши чоралар кўра бошлади. Бироқ, бундай жиноят тармоқлари тезда янги йўллар орқали Камбоджага кўчиб, фаолиятини бошқа мамлакатларда давом эттирмоқда. 

БМТ бундай марказларни “фирибгарлик фабрикалари” деб атаган. Минг оиласига берилган бу оғир жазолар — Хитойнинг бундай жиноятларга муросасиз ёндашувини тасдиқловчи кучли сигнали бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг