Тошкентда пиёдаларни туртиб кетган автобус ҳайдовчиси ишдан олинди
Ижтимоий тармоқларда Сергелида автобус ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган икки кишини туртиб кетгани акс этган видеолар тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси маълум қилишича, қоидабузарликка йўл қўйган автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилган.
Қайд этилишича, ҳодиса 30 март куни соат 17:50 атрофида 12-автобус саройи филиалига қарашли 104-сонли автобус иштирокида юз берган. 59 ёшли ҳайдовчи С.А. «Янги Сергели» кўчасида ҳаракатланаётганда тартибга солинмаган ўтиш жойидан ўтаётган пиёдаларга йўл бермаган.
Тармоқларда тарқалган видеода автобус ҳайдовчиси тезликни камайтирмасдан она ва болани туртиб ўтгани акс этган. Оқибатда пиёданинг қўлидаги телефон ва бошқа буюмлар ерга тушиб кетган.
Компания маълумотига кўра, мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, фойдаланувчиларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган. Бу эса масъул идораларни зудлик билан чора кўришга ундаган.
Ҳолат тегишли раҳбарлар иштирокида танқидий муҳокама қилинган. Натижада ҳайдовчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани маълум қилинди. Воқеа бўйича материаллар ЙҲХБ томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter