Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЙПХ ходимини «сотиб олмоқчи бўлган» шахс жазога тортилди

ЙПХ ходимини «сотиб олмоқчи бўлган» шахс жазога тортилди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти, Қоракўл туманида йўл-патруль хизмати ходимига пора беришга уринган фуқаро суд ҳукми билан жазога тортилди.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган ушбу ишда айбланувчи И.Ж.га нисбатан 2,5 йил муддатга озодликни чеклаш ҳукми эълон қилинган.

Суд материалларига кўра, Қоракўл тумани «Янгибозор» маҳалласи, «Саёт» қишлоғида яшовчи 62 ёшли ёшли И.Ж. ўзининг бошқарувидаги «Damas» русумли автомашинада Қоракўл-Олот йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган пайтда ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилган. Текширув давомида ҳайдовчи автомашинани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда рулга ўтиргани аниқланган. Шу сабабли инспектор томонидан унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.

Маълум бўлишича, у 2024 йилда ҳам маст ҳолда автомашина бошқаргани учун суд қарори билан 1 йил 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлган.

Судда аниқланишича, ҳайдовчи маъмурий жавобгарликдан қутилиш мақсадида инспекторга аввал 1 миллион сўм, кейин эса 2 миллион сўм миқдорида пул таклиф қилган. ЙҲХБ инспектори бу ҳаракат жиноят эканини тушунтирганига қарамасдан, И.Ж. ўз таклифини қайта-қайта такрорлаган. Ҳолат юзасидан инспектор тегишли органларга мурожаат қилган ва тезкор тадбир ташкил этилган.

Тезкор тадбир давомида Қоракўл тумани «Дўстлик» маҳалласидаги автомашиналар жарима майдончасида И.Ж. инспекторга 2 миллион сўм пулни пора сифатида бермоқчи бўлган пайтида қўлга олинган. Пуллар холислар иштирокида санаб чиқилиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.

Суд жараёнида айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирган. Суд хулосасига кўра, инспектор пора олишдан бош тортгани сабабли жиноят тўлиқ содир этилмаган. Шунинг учун Жўрақуловнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) эмас, балки, 25-модда ва 211-модда 1-қисми - пора беришга суиқасд сифатида қайта малакаланган.

Суд Жўрақуловнинг илгари судланмагани, айбига иқрор бўлгани, ёши ва пенсияда эканини инобатга олиб унга 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг