Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Божхонада фош қилинган наркотик ортидан 7 киши қўлга олинди. Улардан бири 13 ёшда

Божхонада фош қилинган наркотик ортидан 7 киши қўлга олинди. Улардан бири 13 ёшда

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ва «Навоий» чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситаларини нафақат республикамизга олиб кириш балки тарқатишгача бўлган жараёнларнинг барча иштирокчилари қўлга олинди.

«Навоий» чегара божхона постига ўзи бошқарувидаги автотранспорт воситасида Россиядан ўзгаларнинг юкини олиб келаётган 25 ёшли ҳайдовчи тиркамадаги автомобил эҳтиёт қисми орасига хуфия тарзда 5 дона ўрамлар яширилганидан мутлақо бехабар эди. Мазкур ўрамларда эса дастлабки вазни ўрами билан ҳисоблаганда 2,3 кг. «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Режага кўра, юкни қабул қилиб олувчи шахс Ўртачирчиқ туманидаги қабристонлардан бирининг атрофига мазкур ўрамлардан иккитасини кўмиб қўйиши ва ушбу манзил ҳавола орқали бошқа шахслар гиёҳвандлик воситаларини олиб кетишлари керак эди. Тезкор тадбирда ушбу жараёнлар комбинациялаштирилди ва тузоққа илинган 4 нафар шахс қўлга олинди.

Қаранг-ки, гиёҳвандилк воситаларини қабул қилиб олувчи охирги шахслар 49 ёшли аёл ва унинг эндигина 13 ёшга тўлган қизи бўлиб чиқди. Ушбу шахслар вақтинчалик яшаб келаётган Яшнабод туманидаги хонадон кўздан кечирилганда эса бу ерда гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган 3 дона электрон тарози, респираторли ниқоблар, изолента, маркер ва 38 дона пластик бўш қутилар борлиги аниқланди.

Содда қилиб айтганда, синтетик гиёҳвандлик воситалари шу ердан туриб майда партияларга тақсимланиб, қадоқланган ва турли локациялар бўйича яширинча тарқатилган.

Тезкор суриштирувларга кўра 49 ёшли аёл интернетдаги наркодўкон юритувчиларининг омборчиси сифатида 3 ойдан бери фаолият юритган ва ушбу муддат давомида Тошкент шаҳри бўйлаб тахминан 5 кг га яқин гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб, «закладчик»лари орқали тарқатган.

Жумладан,  уюшган гуруҳ томонидан Бектемир туманидаги 3 та манзил ҳавола бўйича турли жойларга жами 171 гр. «гашиш» гиёҳвандлик воситаси «закладка» усулида кўмиб қўйилганлиги ҳам тезкор тадбир давомида фош қилинди. Автомобил эҳтиёт қисми ичидан чиққан ўрамларнинг қолганлари бўйича ҳам тезкор тадбир давом эттирилди.

Мазкур ўрамларни олдиндан берилган ҳавола орқали Ўртачирчиқ туманидаги қабристонлардан бирининг атрофида кўмилган жойидан олишга келган яна бир фуқаро қўлга олинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг