Тошкентда прокурор ёрдамчиси қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мансабдор шахс қўлга олинди.
Қайд этилишича, 2025 йил сентябрь ойига қадар Шайхонтоҳур тумани прокурори ёрдамчиси лавозимида ишлаган, ҳозирда эса Учтепа тумани прокурори ёрдамчиси сифатида фаолият юритаётган шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб жиноятга қўл урган.
У якка тартибдаги тадбиркорга Шайхонтоҳур туманида жойлашган икки уйнинг ертўла қисмидаги нотурар майдонларни ижарага олиб беришини айтиб, бу ишни ҳал қилиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган. Тезкор тадбир давомида у мазкур маблағни ўзига тегишли автомашинасида олган вақтида, ҳодиса жойидан қочишга уринган чоғида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Ҳурматли фуқаролар, шундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз, Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади”, дейилади ДХХ хабарида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter