Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бахмалда заъфарон экиш мавсуми бошланди – мавсумий ишчилар сони 25 000 нафар

Бахмалда заъфарон экиш мавсуми бошланди – мавсумий ишчилар сони 25 000 нафар

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар етиштириш мақсадида заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга қаратилган йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда BMB HOLDING Ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу лойиҳа BMB HOLDING таркибига кирувчи корхона, Италиянинг FIN.OPERA SRL компанияси ҳамкорлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” молиявий кўмаги асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион еврони ташкил этиб, шундан 70 миллион евро — тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 37 миллион евро — BMB HOLDING маблағлари, 13 миллион евро — банк кредити ҳиссасига тўғри келади.

Кеча, 16 октябрь куни, Бахмал туманида заъфарон плантацияларини кенгайтириш жараёни билан танишишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда маълум қилинишича, ҳозирги кунда мавжуд 700 гектар майдонда заъфарон етиштирилмоқда, мавсум якунига қадар бу кўрсаткич 820 гектарга етказилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасидаги 400 гектар ер BMB-OPERA ZAFFERANO қўшма корхонаси томонидан, қолган қисми эса BMB SHIFO майдонларида ўзлаштирилмоқда. Бу ҳамкорлик маҳаллий ва халқаро тажрибани уйғунлаштириш, замонавий агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш имконини бермоқда.

Маълумот учун, лойиҳа доирасида ҳозирга қадар 84,6 миллион евро миқдорида инвестиция ўзлаштирилган. 2 гектар ер майдонида қуритиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиялари, эфир мойи ишлаб чиқариш цехи ҳамда замонавий лаборатория билан жиҳозланган ишлаб чиқариш мажмуаси фаолият юритмоқда.

Шунингдек, заъфарон плантацияларида сув танқислиги шароитида AgroNanoGel Basic гидрогелидан фойдаланиш орқали сув сарфини 40–45 фоизгача камайтиришга эришилган. Энергия тежамкорлиги йўналишида эса қуёш панеллари ўрнатилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда BMB ZA’FARON бренди остидаги маҳаллий маҳсулотлар Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда. 2021 йилда 1,2 миллион еврони ташкил этган экспорт ҳажми 2025 йил якунига қадар 12 миллион еврога етказилиши кутилмоқда.

Маҳсулотлар халқаро USDA ORGANIC ва FDA сертификатларига, шунингдек, ISO 17025 ва ISO 3632-1:2011 стандартлари талабларига мос келиши билан экспорт бозорларида юқори ишонч қозонган.

Лойиҳа доирасида ҳозиргача 25 минг нафар маҳаллий аҳоли мавсумий, 450 нафар доимий иш ўрни билан таъминланган. Эътиборлиси, эндиликда заъфарон экишда хориждан келтирилган пиёзбошлар эмас, балки маҳаллий Жиззах заъфарони кўчатлари фойдаланилмоқда.

2028 йилга қадар заъфарон плантацияларини 2 000 гектаргача кенгайтириш режалаштирилган бўлиб, бу ҳудуднинг аграр салоҳиятини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва маҳаллий брендни жаҳон бозорида муваффақиятли илгари суришга хизмат қилади.

BMB HOLDING яқин истиқболда маҳаллий заъфарон пиёзбошларини BMB ZA’FARON бренди остида дунё бозорларида танитишни ҳамда туризм соҳасидаги BMB ZA’FARON RESTAURANT ва BMB ZA’FARON HOTEL тармоқлари орқали миллий маҳсулотни тарғиб этишни режалаштирган.

Умуман, мазкур лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги ифодаси бўлиб, Жиззах вилоятини илғор аграр ҳудуд сифатида ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг