Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олтин ва кумуш нархлари тарихий рекордини янгилади

Олтин ва кумуш нархлари тарихий рекордини янгилади

Жаҳон бозорларидаги беқарорлик ва долларга бўлган ишончнинг пасайиши фонида олтин ва кумуш нархлари тарихий рекордларни янгилади. Токио биржасидаги савдо маълумотларига кўра, кумуш илк бор унцияси учун 75 доллардан ошиб кетди. Олтин ҳам ортда қолмади — унинг нархи унцияси учун 4 531 долларга етиб, янги тарихий максимумни қайд этди.

Қимматбаҳо металлар нархининг кескин ошишига асосий сабаб — жаҳон бозорларида хавотирнинг кучайишидир. Иқтисодий ноаниқлик ва геосиёсий зиддиятлар инвесторларни «хавфсиз сармоя» ҳисобланган активларга йўналтирмоқда. Бундай шароитда олтин ва кумуш анъанавий равишда ишончли сармоя сифатида қаралади.

Йил бошидан бери олтин нархи қарийб 70 фоизга, кумуш эса 150 фоиздан ортиққа ошди. Бундай тезкор ўсиш охирги марта 1970-йиллар охирида кузатилган эди. Шу билан бирга, кумуш нафақат инқироз даври активи, балки муҳим саноат ресурси сифатида ҳам қимматлашмоқда. У яримўтказгичлар, дата-марказлар ускуналари ва сунъий интеллект технологияларида кенг қўлланилади.

Бозорларга қўшимча босим АҚШдан ҳам келмоқда. Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтиши ва унинг Федерал резерв тизими билан очиқ қарама-қаршиликлари долларга ҳамда АҚШ давлат облигацияларига бўлган ишончни янада сусайтирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг