«Шовот-Тошҳовуз» савдо зонасига визасиз кириш ва чиқиш имкони яратилади
Ўзбекистон ва Туркманистон фуқаролари «Шовот-Тошҳовуз» чегараолди савдо зонасига визасиз кириш ва чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Туркманистоннинг савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назардурди Агаҳанов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Томонлар учрашувда икки давлат ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, миллий маҳсулотларни илгари суриш ҳамда икки давлат тадбиркорлигининг ривожланиши учун муҳим майдон бўлиб хизмат қиладиган ушбу қўшма савдо марказининг ҳуқуқий асосларини келишиб олдилар.
Қайд этилишича, чегараолди савдо зонасининг умумий майдони 6 гектарни ташкил этади: 3 гектар - Ўзбекистон қисми, 3 гектар - Туркманистон қисми. Зарурат туғилганда ҳудуд алоҳида халқаро келишув орқали кенгайтирилиши ҳам мумкин.
Шу билан бирга ҳар икки давлат фуқароларига чегараолди савдо зонасига визасиз кириш-чиқиш ҳуқуқи берилади.
«Ўзбек - Туркман чегараолди савдо зонасининг очилиши Ўзбекистон ва Туркманистон тадбиркорларига ўз маҳсулотлари билан эркин савдо қилиш, умумий инфратузилма ва соддалаштирилган тартиблардан фойдаланиш имконини беради. Бу эса трансчегаравий савдони ривожлантириш ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратади», – дейилади инвестициялар, саноат ва савдо вазирилиги хабарида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter