Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

1,2 трлн сўмдан ортиқ энергия ресурслари талон-торож қилинган – Ўзэнергоинспекция

1,2 трлн сўмдан ортиқ энергия ресурслари талон-торож қилинган – Ўзэнергоинспекция

Жорий йилда ўтказилган назорат тадбирларида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 2 887 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг жорий йил якунлари учун ҳисоботида айтилади.

Ушбу ноқонуний фойдаланишларнинг дастлабки ҳисоб-китоб натижасига кўра, давлат манфаатларига жами 1 триллион 243 миллиард сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Унга кўра, электр энергияси бўйича 668,9 млрд сўм ва табиий газ бўйича 574,7 млрд сўмлик энергия ресурслари талон-торож қилинган.

Нефт маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирларида АЁҚШ ва корхоналардан олинган таҳлил наъмуналаридан 377 та ҳолатда 9,3 млн литр нефт маҳсулоти сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинди.

Таққослаш учун: бу сумма 2026 йил учун қабул қилинган бюджетда кўрсатилган — мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш учун ажратилган харажатлардан – қарийб 5, мактаблардаги спорт залларини жиҳозлаш учун ажратилган маблағлардан – 16, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш учун ажратилган маблағлардан – 8 ва аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш дастурлари учун ажратилган маблағлардан 7 баробарга кўпроқ. 

Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши учун 2 696 та ҳужжатлар тўплами ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 5 296 та маъмурий иш расмийлаштирилди.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича 48 646 та истеъмолчиларга профилактика тадбири ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг