Байроқ ёки ялов: уларнинг тарихий моҳияти нимада?
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган кун. Маълумки, ҳар бир давлатнинг борлиги, яхлитлиги, тарихий анъаналарга содиқлигини билдирувчи миллий рамзлари бўлади. Тавл, ялов, тамға каби рамзий белгилар халқни бирлаштириш, ягона мафкурага тарғиб этиш, ватанпарварлик ҳиссини ошириш, ғурур ва ифтихорни шакллантиришда муҳим ўрин тутган. Шулардан байроқ қадимдан маълум бир худудда мавжуд бўлган давлатнинг кучи ва қудрати тимсоли бўлиб хизмат қилган.
Қадимги турк-мўғул анъаналарида байроқ
Илк ўрта асрларда турк - мўғул қўшинларини ғоявий жиҳатдан байроқ бирлаштириб, бошқариб келган. Байроқлар унга юклатилган вазифасига кўра, икки хил кўринишда бўлган: ҳукмдор байроғи ва жанговор байроқ. Бундан ташқари, махсус рангли байроқлар жанг жараёнларини ҳаракатга келтириб, зарурий ҳолатларда жанг йўналишини ўзгартириб турган.
Ялов ‒ байроқнинг кўринишига жуда ўхшаш, жанговор байроқ сингари бирор нарсага тиқилиб қўйилмаган. Уни қўлда тутувчи ёғочининг сопи байроқникидан анча калта бўлиб, ёғочнинг матога ўралган қисми юқорисида шокиласи осилиб туради. Аксар ҳолларда ялов ҳукмдор ёнида олиб юрилган. Яловдор мансаби сарой мансаби эгаларидан бири бўлиб, хон ёки султонга яқин масофада ҳаракатда бўлган. Ҳукмдорнинг барча тадбирларида жумладан: қабул маросимида, меҳмоннавозликда, ов ва жанг ҳаракатларида ялов унинг ёнида кўриниб турган.
Байроқ номи манбааларда туғ, алам, байдак, байрак шаклида учрайди.
Байроқ давлат рамзи сифатида эъзозланган ва қаттиқ қўриқланган. Чунки байроқ жанг майдонида ҳам муҳим рол ўйнаган. Жанг майдонида туғ байроқларнинг аҳамияти катта бўлиб, у қўшиннинг ўз саркардалари жойлашуви, марралар эгаллаганлиги (ёки аксинча), ўз сафдошларини ажрата олиш ва чекиниш аломатларини англаб олишига ёрдамлашган. Бундан ташқари, туғнинг кўтарилиши ҳамда аскарлар боши узра илдамлаб бориши қўшиннинг руҳини кўтарган ва ватанпарварликни ҳиссини кучайтирган. Қанғ давлати даврида ҳарбий қўшинда дастлаб икки гуруҳда байроқ харакатланган бўлса, Қорахонийлар даврига келиб 9 та гуруҳ байроғи жанг майдонида ғалаба сари интилган. Амир Темур даврида эса худди шаҳмат доналари сингани ўн икки бўлинмада ўн икки хил рангда жойлаштирилган. Уларни турли рангдаги байроқлари, қурол-яроғ, кийим-кечаги ҳам турлича бўлган.
Нажмиддин Кубро – байроқ учун жон фидо қилган қаҳрамон
Байроқ миллат ори, номуси, ғурурининг ҳам тимсоли бўлганлигига тарихда жуда кўплаб мисоллар мавжуд. Миллий давлатчилигимизнинг ҳамма даврларида байроқ Ватан тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Хусусан, Амир Темур салтанатида давлат рамзларига алоҳида эътибор берилган. Соҳибқирон жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам у Ватани байроғини баланд тутсин, деб фармон берган. Чунки жангу жадалларда байроқнинг қулаши ёки душман қўлига ўтиши мағлубият белгиси, деб қабул қилинган. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради. “Ё Ватан, ё шарафли ўлим”, дея ўз юрти учун курашган Нажмиддин Кубро мўғулларга қарши жангда Ватанининг байроғини қаттиқ ҳимоя қилган ва уни тутиб жон берган. Таъкидлаш жоизки, мўғуллар Хоразмшоҳлар пойтахти Урганчни олишда қаттиқ қаршиликка дуч келган. Мўғул аскарлари ҳали бирон жойда бунчалик кўп қирғин қилинмаган эди. Даҳшатли қирғинбарот Гурганч фожиаси етти ой давом этади. Сон жиҳатдан устун бўлган душман машаққатлар ва ҳисобсиз қурбонлар эвазига ғалабага эришади. Қўлида қурол ушлашга мажоли қолмаган гурганчликлар иложсизликдан таслим бўлади. Жароҳатланган Шайх Нажмиддин Кубро ўлими олдидан туғ тутган мўғул сарбозига ташланиб, байроқ ушлаб жон таслим қилган. Охири қўлини қирқиб байроқни олганлар.
Бугун рамзлар ҳар бир мустақил давлатнинг ҳуқуқий мақомини, дунёда борлиги кўрсатиб турувчи муҳим восита саналади. Тимсолий рамзлар ҳақида гапирганда аввало, рамзлар маъно мазмунига тўхталиб ўтиш жоиз. Рамзлар бу - шартли белгилар булиб, улар қадим замонлардаёқ турли халқларда у ёки бу ходиса, олам, мавжудот, одамлар тасвирини ифодалаган. Рамзлар бевосита халқ, миллат хаёти, анъаналари, рухияти, халқ оғзаки ижоди (фольклори), тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Давлат рамзлари мустақил давлатнинг мухим ташқи белгиларини ўзида мужассамлантиради. Давлат рамзларида халқнинг азалий орзуси, эзгу ниятлари, бугуни акс этган бўлади.
Байроқ – миллий ор-номус тимсоли
Миллий рамз, деганда хар бир мамлакатнинг миллий тарихи, маданияти, анъаналари, қадриятлари, мамлакат ахолисининг хурмат ва эътиқод хислари билан боғлиқ бўлган, унинг орзу-интилишларини ифодалайдиган, мамлакат ичкарисида умумтушунарли бўлган ва қўшимча талқинни талаб қилмайдиган, лекин мамлакат ташқарисида қисман тушунарли ёки умуман тушунарсиз тасвирлар, ранглар, белгилар ва тушунчаларни англаш даркор.
Давлат рамзлари давлат суверенитетининг, яъни олий сиёсий ироданинг шартли белгиларини ташкил қилар экан, улар маълум бир худудда олий ирода эгаси бўлган халқ билан бирга таъсис этилади.
Ана шундай қадимий анъаналар, тарихий тафаккур ва демократик тамойилларни ўзида мужассамлаштирган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг қабул қилингани 34 йил тўлди. 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VII сессиясида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган эди. Республикамиз байроғи мамлакатимиз ҳудудида илгари мавжуд бўлган ғоят қудратли салтанатлар байроғига хос бўлган энг яхши анъаналарни давом эттирган ҳамда юртимизнинг бугунги табиатига мувофиқ келадиган хусусиятларни, халқимизнинг миллий ва маданий соҳалардаги ўзлигини ҳам акс эттиради. Миллий давлатчилигимизнинг ҳамма даврларида байроқ Ватан тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган.
Буюк келажагамизнинг тимсоли бўлган байроғимизнинг ҳар бир ранги чуқур фалсафий маънога эга. Байроқдаги ҳаво ранг – тинчлик ва поклик тимсолидир. Шунингдек, тириклик мазмуни акс этган осмон ва обиҳаёт рамзи ҳамди. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. Оқ ранг ёш мустақил давлатимиз ошиб ўтиши лозим бўлган йўлнинг ёрқин ва чароғон бўлиши учун эзгу ният тимсоли сифатида қўйилган. Қизил рангдаги йўл чизиқлар эса – ҳар бир тирик жон, қон томирида жўшиб турган ҳаётий кучнинг, барҳаётликнинг рамзидир. Яшил ранг эса – табиат тимсоли, ҳосилдорлик тимсоли. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Байроқдаги ярим ой – ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналарига мувофиқ келади. 12 рақами – қадимдан хақларимиз орасида мукаммаллик тимсоли бўлиб келган. Бизнинг Ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Давлатимиз байроғи халқаро майдонда юрт қудрати салоҳияти, халқимиз ғурур ва ифтихори сифатида хизмат қилмоқда. Хусусан байроғимизнинг БМТ Бош қароргоҳида ҳилпирраб туриши, мамлакатимиз президентининг давлат ташрифи билан чет мамлакатларга борганида ўша давлат кўчаларида Ўзбекистон байроғининг осилиши, спортчиларимизнинг жаҳон ареналарида байроғимизни баланд кўтариши ҳар бир ўзбек фуқароси учун юксак шарафдир. Бундан ташқари ватанимиз ҳимояси учун қасамёд қилаётган ўғлонлар шу байроқ олдида тиз чўкиб, уни кўзларига суртишади.
Давлатимиз байроғи асрлар оша улуғ ўтмиш, бунёдкорлик ва яратувчанликка йўғрилган бугунги кунимиз ҳамда буюк келажагимиздан дарак бериб, ҳар бир юртдошимизга фаҳр, ифтихор туйғуларини бағш этаверади.
Шавкат Бобожонов,
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос
илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter