Бемор ва донорларни трансплантация амалиётига тайёрлаш тартиби белгиланди
Адлия вазирлиги Инсон аъзоларини трансплантация қилиш ҳақида реципиентлар ва донорларга тиббий хулосалар бериш бўйича низомни рўйхатдан ўтказди.
Мазкур Низомда реципиент ва донорларни тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди.
Низомга кўра, реципиент ва тирик донор тиббиёт муассасаларида 3 ой ичида тиббий текширувлардан ўтиши керак.
Тиббий текширув хулосаларига кўра трансплантация амалиётига рухсат бериш фақат Ҳукуматнинг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорида кўрсатилган давлат тиббиёт муассасаларининг тиббий консилиуми томонидан амалга оширилади.
Тиббий консилиум реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулосани беради ёки беришни рад этади.
Трансплантация амалиёти инсоннинг кўриш, нутқ, эшитиш қобилиятининг йўқолиши ёки руҳиятнинг бузилиши, меҳнат қобилиятининг 33 фоиздан ортиқ барқарор йўқолишига сабаб бўладиган тарзда зиён етказишига олиб келса реципиент ва донорга тиббий хулосани бериш рад этилади.
Шунингдек, мазкур Низомда давлат тиббиёт муассасаларида реципиентлар ва донорларни трансплантация амалиётига тайёрлаш ва уларнинг амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиш тартиби белгиланди.
Низомга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорида кўрсатилган давлат тиббиёт муассасалари реципиентлар ва донорларни трансплантация амалиётига тайёрлашдан олдин, уларнинг соғлиғи бўйича махсус тиббий тайёрлов чораларини амалга оширади.
Реципиент ва донордан трансплантация амалиётидан олдин розилик олинади ҳамда у видеоёзувга қайд этилади.
Реципиентлар ва донорлар трансплантацияси амалиётидан сўнг 21 кунгача реабилитацияда бўлади, реабилитациядан кейин эса улар ҳудудий тиббиёт муассасаларида диспансер назоратига олинади.
Реципиентлар диспансер назоратида бўлган вақтда шифокорлар томонидан бепул иммуносупрессив дори воситалари билан таъминланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter