Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода 85 млн сўмлик жиноят ортидаги «сирли шахс» ошкор бўлди

Бухорода 85 млн сўмлик жиноят ортидаги «сирли шахс» ошкор бўлди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилоятининг турли ҳудудларидан ички ишлар идораларига 2025 йилнинг ноябр-декабр ойларидан бошлаб, кетма-кет келиб тушган аризаларга сабаб бўлган шахс, ниҳоят, қўлга олинди.

Барча жабрланувчиларнинг дарди битта: уларнинг банк пластик карталаридан ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз, сирли равишда пуллари ғойиб бўлган.

Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, жиноятлар занжири 2025 йилнинг 24 ноябридан бошланган. Дастлабки жабрланувчи фуқаро О.Ш.нинг пластик картасидан, қарийб, 7,5 миллион сўм миқдоридаги маблағ номаълум шахс томонидан ўзлаштирилган. Декабр ойи эса бу номаълум кибер жиноятчи учун янада омадли келган. Бухоро туманида яшовчи фуқаро Г.Ҳ.нинг пластик картасидан Paynet иловаси орқали 2 миллион сўмдан кўп ечиб олинган бўлса, яна бир жабрланувчи Р.Х. 5,5 сўм пулидан айрилган.

Номаълум жиноятчи буларнинг ўзи билан қаноатланмай, 12 декабр куни такроран жиноят содир этиб, фуқаро С.Э.нинг пластик картасига қонунга хилоф равишда уланиб, бирданига 60 миллион сўм маблағини ўғирлашга эришган. Кетма-кетликлар давом этган, пешкўлик нафақахўр аёл Ш.Ш, 5,5 миллион сўм, когонлик фуқаро Ж.Ш. эса 7,5 миллион сўм пулини йўқотганини билдириб, мурожаат қила бошлаган.

— Ижтимоий тармоқларда арзон нархлардаги уй-жой техник анжомларини харид қилишга қизиқиб, жабрланувчига айланиб қолганимни кейин англаб етдим. Турли ҳаволаларга кириб кетиб қолиб, 20 миллион сўмлик телевизорни 7,5 миллионга харид қилиш иштиёқида ўзимга нотаниш бўлган шахсга шунча пулни унинг пластик карта рақамига ўтказиб юборибман. Аслида, «чув» тушган эканман,—дейди Ж.Ш.

7 нафар жабрланувчи салкам 85 миллион сўмлик моддий зарар кўрган. Бухоро вилояти ИИБ ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тезкор ходимлари қидирув тадбирларини тўхтатишмаган. Жиноятчи вертуал оламда қанчалик изини яширишга уринмасин, замонавий технологиялар ва мутахассисларнинг ҳушёрлиги унинг кирдикорларини фош қилган. Ва яқинда ушбу ахборот тизимларни бузиб кириш орқали серияли ўғриликлар ортида турган шахс аниқланган. Бу шахс эндигина 19 ёшни қаршилаган ва вақтинча ишсиз, Бухоро шаҳрида яшовчи Ф.Ж. бўлиб чиққан.

Ф.Ж. ушбу «иш»ни яқин танишидан ўрганганини, Paynet иловаси тизими орқали турли пластик карталардан йирик миқдорда пул ечиб олиб, осон даромад топишга қизиқиши ортгани сабабли шу йўлга кириб қолганини тан олган. Унинг айтишича, «виртуал олам орқали бошқаларнинг банк карталаридан пул ечиб олиш жиноятини ҳеч ким аниқлай олмайди» деган хато фикр ўзида ишонч уйғотган ва мустақил ҳаёт йўлини йўл қўйилган жиддий хатоликдан бошлаганини билдирган. Шунингдек, Telegram мессенжери орқали унга пластик карта маълумотлари ва уларнинг кодлари юборилганини, у эса ушбу маълумотлардан фойдаланиб, ўзлаштирилган маблағларни ечиб олганини айтган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) нинг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят, гарчи, виртуал олам орқали содир этилган бўлса ҳам жиноятчи жазодан қочиб қутила олмайди. Шунга қарамасдан, фуқаролардан банк карта маълумотларини ҳамда смс орқали келадиган махфий кодларни ҳеч кимга бермасликларини, фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишдан сақланишларини сўраймиз,—дейди Улуғбек Шукурлаев.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг