Экология вазирлиги Ҳукумат таркибидан чиқарилади. Туризм қўмитаси эса қайта ташкил этилади
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларида белгиланган вазифаларни тезкор ҳамда янги ёндашув асосида сифатли ташкил этиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш мақсадида Президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.
Унга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади.
Белгиланишича, Экология қўмитаси қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Шунингдек, Президент Администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини Экология қўмитаси ҳузурида давом эттиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter