Ҳаво тозалагичлар қимматлик қиляптими? (видео)
Мамлакатимизда ҳаво тозаловчи қурилмаларга бож ундирилмасада, бироқ бундай қурилмаларни харид қилишни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди. Шу сабабли кўплаб оилалар табиий ва арзон муқобил ечимлар излайди.
Бу борада флористларнинг айтишича, хонаки гуллар нафақат безак, балки табиий ҳаво тозаловчи восита ҳамдир. Тажрибали флорист билан суҳбатимизда маълум бўлишича, айрим гуллар хонадаги зарарли моддаларни ютиб, кислород ажратади ва ҳавони намлайди.
— «Масалан, сансеверия, спатифиллум ва хлорофитум каби гуллар ҳаводаги чанг ва зарарли газларни ютиш хусусиятига эга. Энг қувонарлиси, бу гуллар мураккаб парвариш талаб қилмайди», — дейди флорист.
Мутахассиснинг айтишича, аксарият кишилар гуллар парвариши қийин деб ўйлаб, уларни қишда уйда сақлашдан чўчийди. Аслида эса тўғри танланган гул озгина эътибор билан ҳам гуллабяшнайди. Ҳафтасига бир-икки марта суғориш, тўғридан-тўғри қуёш нури тушмайдиган жой ва вақти-вақти билан баргларини артиб туришнинг ўзи кифоя.
Қиш мавсумида ҳам сўлимайдиган, иссиқ талаб қилмайдиган гуллар орасида замиокулкас, сансеверия, дратсена ва кактуслар алоҳида ажралиб туради. Бу ўсимликлар ҳарорат ўзгаришига чидамли бўлиб, кам суғорилса ҳам узоқ яшайди.
— «Агар уйда болалар ёки аллергияга мойил одамлар бўлса, тирик гуллар сунъий ҳаво тозалагичларга қараганда анча хавфсиз ва фойдали», — дея қўшимча қилади флорист.
Хулоса қилиб айтганда, хонаки гуллар — бу нафақат кўркамлик, балки соғлом муҳит, тежамкорлик ва табиат билан яқинликдир. Тўғри танланган оддийгина гул билан ҳам уйингиз ҳавосини, ҳам кайфиятингизни яхшилашингиз мумкин.
Кўрсатув давомида гуллар парвариши бўйича халқ орасида «жайдари гулчи» номи билан машҳур бўлган мутахассисдан қимматли тавсияларни олишингиз мумкин. Албатта яқинларга ҳам улашишни унутманг!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter