Ҳаёт манзаралари
Бегона
Пойтахтдан меҳмон бўлиб келган яқин танишларни кузатиш учун автошоҳбекатга чиқдим. Хайрлашув олди ҳам дўстлар билан суҳбатни тугатгимиз йўқ. «Бухоро – Тошкент» йўловчи ташиш автобуси жўнаб кетишига ҳали ярим соатча вақт бор. Сал нарироқдаги дўконда қаҳва сотилаётган экан. Қаҳва харид қилиш учун дўкон олдига келдим. Сотувчи дўкон эшиги олдида тушкун кайфиятда турган ёши каттароқ йигитни овутяпти. Йигит ҳам гап-сўзига қараганда, бухоролик эмас. «Ҳа-а, укажон, зерикманг, бир-икки соатча ишласам, сизга йўлкирага ёрдамлашаман. Энди ҳар қандай вазият бўлади-да, одамда. Менинг ҳам уч нафар фарзандим бор. Икки нафари мусофир юртда ўқийди. Вазиятингизни тушунаман», – дерди самимият билан.
Англашимча, дўкон олдида ийманиб турган йигитнинг ўз вилоятига жўнаб кетиши учун пули етмаяпти.
Бирор ёрдам керак бўлса, менгаям айтинг, қарашаман, – дедим тушкун кайфиятдаги ўзимга бегона ва нотаниш бўлган йигитга.
Елкасига катта сумка илиб олган нотанишнинг қўллари қалтираб, чўнтагидан сигарета олиб тутатди. Гапиришга ботина олмади, шекилли, бир парча қоғозни секин кўрсатди. Бугун жазо муддатини ўтаб, «у ёқ»дан чиққан экан.
– Бир оғиз сўзингиз учун ҳам раҳмат, аммо, аёл кишидан...– дея ўсмоқчилади йигит.
– Қўйсангиз-чи, аёлми-эркакми, одамийлик, деган гап бор! – дедим-да, чўнтагимдан баҳолиқудрат пул чиқариб, узатдим.
Ҳалиги йигит манзилига етиб бориши билан пулни қайтариши учун мендан телефон рақамимни сўради. Мен рад этдим ва «одам одам билан учрашади-ку!» – деб қўйдим кулимсираб. Шоша–пиша йигит сигаретасининг қутисига менга ўз манзилини ёзиб бермоқчи бўлди.
– Қашқадарёданман, опа! Йўлингиз тушса, албатта, шу манзилга боринг!–илтифот кўрсатишга уринди нотаниш йигит.
– Жонингиз соғ бўлсин. Меҳмонларим бор эди, – дея ҳозиргина дўкондан сотиб олган қўлимдаги қаҳваларга қарадим ва улар билан хайрлашган бўлдим.
Сотувчи ҳам ўз зиммасига олган «юк»ининг анча енгиллашганиданми, «Барака топинг, синглим. Бир мусофирга яхшилик қилибмиз-да!» – деб қолди ортимдан.
Мени кузатиб турган шерикларим: «Бегона одамга нега пул бердинг?» –дейишди. Ҳатто, мени аҳмоққа чиқариб, «чувв» тушганимни ҳам эслатиб қўйишди. Мен эса ўзим кўз ўнгимда кўрган манзарам ҳеч қачон алдамаслигини айтдим.
Лақаб
Касб тақозоси билан умумий ўрта таълим мактабларидан бирига бордик. Эрталабки дарсга қўнғироқ чалинган, ўқувчи ва ўқитувчилар синфларга кириб кетишган экан. Аксига олиб, мактаб директори ҳам йўқ. Шу топда ёнимиздан бир ўқувчи саломлашиб ўтиб кетди.
– Ҳозир биринчи соат дарсларими?
– Ҳа.
– Қайси дарс бўлиши керак?
– Математика!
– Ўқитувчинг ким?
– Новча малим...
– Тушунмадим...
– Ҳе–е, оти эсимдан чиқди-да, новча малимни! – дея ўқувчи ташқарига қараб, югуриб кетди.
Биз анқайдик.
Сал ўтмай, мактаб стадионидан бир нечта ўқувчилар ғала-ғовур солиб келишди. Уларнинг нега дарсга киришмагани билан қизиқдик.
– Биз мусобақага тайёрланяпмиз. Чупра малим рухсат олганлар...
– «Чупра малим»инг ким?
– Физкультура ўқитувчимиз – Неъмат Файзуллаевич!
– Мана, туппа-тузук исм шарифи бор экан-ку?
– Ҳе-е, Никулин домлаям шундай, дейдилар-ку?
– Никулин домланг ким?
– Синф раҳбаримиз!
Биз на кулишни, на ачинишни билдик. Юқори синфлардан бирига кирсак, ўқитувчи сабабсиз дарсга келмаган. Синф алғов-далғов. Қўшни синфдагилар ёки мактаб дирекциясидан кимдир тинчлантиришга уринмаган ҳам.
– Қайси дарс бўлиши керак эди. Нега ўқитувчиларинг йўқ!
– Нега йўқлигини бизлар қаердан биламиз. Псих домла ўзи шу: хоҳласа келади, хоҳламаса йўқ.
– Ия, ўқитувчига ҳам шунақа мурожаат қилишадими?
– Мактабимиз психологида у. Биологиядан ҳам дарс беради.
Ёшларнинг ютуғидан кўра, нуқсонли томонлари ошиб бораётганидан кўнглимиз бир қадар оғринди. Ўқитувчию домлаларнинг ижобиймас, салбий томонларини излаб, лақаб қўйиб олишгани уларнинг бевосита талабалик даврида ҳам шундай давом этишига шубҳа йўқ. Ҳеч иккиланишларсиз қатор олийгоҳларда ҳам шу манзарага дуч келасиз: «Галстук домла», «Калта домла», «Чебурашка домла»... хуллас, қайсидир ўқитувчи ўзига ўқувчи ёки талабалари томонидан қўйилган бундай лақабларни эшитиб қолишса, ўша бола домланинг «қора рўйхати»га тушиб қолди, ҳисоб.
Демак, ўқитувчилар ҳар гал дарсга кирганида ўзини, яъни исм шарифини лозим бўлса, тўлиқ таништириши, ўқувчию талабаларнинг қулоғига «қуйиши» керак. Йўқса, ўқитувчи ўз хислатига эга турли маза-матрасиз лақаблар билан аталаверади.
«Эркакча гап»
Икки ўғли бор қўшнимиз болаларини уйлантиргач, «дом»да қисилиб қолди, шекилли, 4 хонали уйини сотди. Қўлида каттагина пул. Келишиб қолган ҳовлисини сотиб олиш учун кетаётганда, ўзига аввалдан таниш бўлган бой оғайниси қаршисидан чиқди.
– Эркакча гап, ака! Ваъда–ваъда! Оёғим остида шунча машинам бор, уй-жойу яшаш шароитимни биласиз. Икки ҳафтадаёқ, қайтараман! Пул зарур бўлиб турибди-да!
Қўшним бой танишининг гапларига ишонди. Сотиб олиши керак бўлган ҳовлисининг эгаси билан гаплашиб, пулни роппа-роса икки ҳафтадан сўнг етказиши шарти билан кўчиб ўтишди. Ҳовли эгаси ҳам одамийлиги бор экан, бунга рози бўлди. Ҳатто, у бой танишининг «истасангиз, нотариус қилиб, ҳужжатлаштирамиз», – деган гапини ҳам рад этиб, унга ишонди.
Орадан икки ҳафта эмас, икки ой, икки ой эмас, ярим йилдан ортиқ вақт ўтди. Ҳовли эгаси ҳам қўшнимизга «Уйни бўшат»лаб турибди. Охийри, қўшнимиз бой танишининг дарвозасини қоқиб борди. Дарвозадан унинг аёли чиқиб, жуда кўп бор эрининг уйда йўқлигини айтган. Қатнайвериб, тинкаси қуриган қўшнимиз танишининг дарвозаси олдида «ётиб» олган. Кун совуғида шу яқин атрофдаги пана жойда бой танишини кутиб турган қўшнимиз шу онда унинг дарвозадан ичкарига кириб кетганига кўзи тушган. Ортидан югуриб келиб, яна унинг дарвозасини қоққан. Дарвозадан яна аёли чиқиб, эрининг уйда эмаслигини важ қилган.
– Оч, дарвозангни, ичкарига кираман, – дея жазавага тушган қўшнимиз.
– Хўжайинимнинг феъллари ёмон. Нотўғри тушуниб, рашк қиладилар,–ўсмоқчилаган аёл.
– Ғурури бор эркак, аввало, бегона эркакка аёлини рўпара қилмайди!
Қўшнимиз унинг дарвозасини бақир-чақир қилиб, тепиб ҳовлисига кирганида, бой таниши ичкаридан чиқиб: «Сен менга туҳмат қилаяпсан!»–дея устидан ҳуқуқ органларига арз қилган.
...Суд залида эса бойнинг аёли нокас эрининг ноҳақлигига чидай олмай, унинг ўрнида «эркакча гап»га кафолат бўлди-да, мол-мулкини сотиб, қўшнимизни сарсонликдан қутқарди...
«Санашни истамайман... »
Ҳар куни ишдан ҳориб-чарчаб қайтамиз. Кечки овқатни қилар-қилмас яна компьютер, ноутбук ёки қўл телефонимизга мукка тушамиз. Иш, иш, иш... Ҳарқалай, ўзимиз учун, болаларимиз, уй-рўзғорни юритишимиз учун қўшимча маблағ топишга уринамиз.
Ишимиз шу қадар кўпайиб кетганки, гоҳида овқатланиш вақтини ҳам қизғаниб, ним тайёр маҳсулотлар харид қилиб қўя қоламиз. Аслида, дастурхон боши оила-аъзоларини бир-бирига янада меҳр риштасини боғлайдиган фурсат бўлиши керак.
Дам олиш кунларидан бири эди. Тонгда уйқудан кўз очиб, ёнимга келган неварам мени яна компьютер қаршисида кўрди. «Келақол», – деб опичлаб олдим, бағримга босдим. Озгина суҳбатлашган бўлдим.
– Санашни биласанми? – сўрадим.
– Ҳа. Ўргатгансиз-ку!
– Унда санай қол!
Йўқ, санашни истамайман...
– Ия, нега? – ҳайрон қолдим.
– Мен ҳар куни боғчадан келиб, мен билан ўйнашингизни истаб, дам олиш кунлари келишини кутиб, санайман... Сиз яна ишлаяпсиз...
Лайло Ҳайитова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter