Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ижтимоий тадбиркорлик учун давлат кўмаги берилади

Ижтимоий тадбиркорлик учун давлат кўмаги берилади

Тегишли қонунга кўра, тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий ёки экологик муаммоларни ҳал этишга, шунингдек, уларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган фаолияти ижтимоий тадбиркорлик деб эътироф этилади.

Бундай фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир қатор шакллари белгиланмоқда. Улар қаторида тадбиркорларга имтиёз ва преференциялар бериш, ижтимоий лойиҳалар харажатларини субсидиялаш ҳамда давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш бор.

Шунингдек, ижтимоий тадбиркорлик субъектларига молиявий кўмак кўрсатиш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, маслаҳат ва услубий ёрдам бериш ҳам назарда тутилган.

Қонунчиликка риоя қилиш билан бирга барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш, шунингдек, фаолиятнинг инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва жамоат манфаатларига салбий таъсирини олдини олиш масъулиятли бизнес юритиш сифатида эътироф этилади.

Тадбиркорлик субъектининг масъулиятли бизнес юритиши учун асосий мезонлардан бири инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ҳисобланади. Шунингдек, меҳнат ва ишлаб чиқариш муносабатларида қонунга хилоф амалиётларга йўл қўймаслик талаб этилади.

Бундан ташқари, атроф-муҳитни, ходимлар ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик салбий таъсирларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш муҳим мезон сифатида белгиланган.

Янги тартиб ижтимоий мақсадларни бизнес фаолияти билан уйғунлаштиришга қаратилган. Бунда тадбиркорлик субъектларининг нафақат иқтисодий натижаларга, балки жамият ва атроф-муҳит олдидаги масъулиятига ҳам эътибор қаратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг