Ўзбекистон – Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларини қабул қилаётган энг фаол давлатлар қаторида

Президент Мирзиёев касаба уюшмалари билан бўлиб ўтаётган учрашувда бугунги кунда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, кафолатланган ижтимоий ҳимоядан фойдаланиши учун мустаҳкам қонуний асослар яратилганини таъкидлади.
Айниқса, янгиланган Конституция, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилингани бу йўналишдаги муҳим қадамлар бўлди.
Парламент ҳузуридаги Жамоатчилик эксперт кенгашлари таркибига касаба уюшмалари вакиллари ҳам киритилди. Бу эса қонунларни қабул қилишда ходимлар манфаати янада ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳам етакчи йўналиш бўлиб қолмоқда. Ижтимоий институтларни қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 100 карра ошиб, бу йил 1 триллион 200 миллиард сўмга етди.
Айни вақтда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига аралашгани, жамоатчилик назорати натижаларини кўриб чиқмагани учун жавобгарлик белгиланди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон – Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларини қабул қилаётган энг фаол давлатлар сафидан жой олаётгани дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Саккиз йил олдин ушбу ташкилотнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ҳужжатлари сони 12 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 25 тага етди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter