Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳар бир ҳудудда «Касаба уюшмалари боғлари» ташкил этилади

Ҳар бир ҳудудда «Касаба уюшмалари боғлари» ташкил этилади

Учрашувда таъкидланишича, касаба уюшмалари тизимидаги 30 дан ортиқ санаторий ва 100 дан зиёд болалар оромгоҳлари ходимлар ва уларнинг фарзандлари саломатлигини тиклаб, ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилмоқда.

Сўнгги беш йилда санаторийларда 900 мингга яқин аҳоли ўз саломатлигини тиклади, оромгоҳларда эса 800 минг бола дам олди.

Яқинда Иссиқкўлда «Бўстон-Резорт» пансионати ишга туширилгани юртдошларимиз учун яна бир қулайлик бўлди. Шу билан бирга, бу Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани рамзига айланди.

Лекин, касаба уюшмалари инфратузилмаси аҳолимиз эҳтиёжларини тўлиқ қамраб олмаётгани қайд этилди.

Давлат раҳбари ҳокимларни четда турмасдан, ҳар йили ўз ҳудудида касаба уюшмалари билан биргаликда ёки давлат-хусусий шериклик ёрдамида замонавий лойиҳалар асосида биттадан санаторий ва оромгоҳ қуриш бўйича алоҳида дастур тасдиқлашга чақирди.

«Ҳаёт бир ҳақиқатни доимо таъкидлаб келади: тарихни пухта билмасдан туриб, келажакни барпо этиб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир ташкилот ва муассаса тарихини ўрганиш, уларда меҳнат қилган инсонларни ёдга олиш, эзгу ишларини келажак авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз», - деди Президент.

Шу мақсадда олимлар, соҳа фахрийлари ва фаоллари томонидан ўтказилган ўрганишлар юртимизда касаба уюшмалари ҳаракатига 1905 йилда асос солинганини исботлади. Шу боис, бу йил бутун мамлакатимиз бўйлаб, касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда.

Бундан тўрт йил олдин Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тарихи музейи соҳага оид маълумот ва экспонатлар билан халқимизни таништиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Мана шу қутлуғ сана муносабати билан Президент меҳнаткаш халқимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида ҳар бир ҳудудда «Касаба уюшмалари боғлари»ни ташкил этишни таклиф қилди.

Вилоят ҳокимларига касаба уюшмалари билан маслаҳатлашиб, боғлар учун жой ажратиш топширилди.

«Корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари ҳам ишхонасида, ходимлари яшайдиган маҳаллаларда дарахт эктириб, яшил ҳудудларни кенгайтирса, тозалик ва ободончилик ишларини ташкил қилса, ўйлайманки, меҳнат жамоаларидаги муҳит мутлақо бошқача бўлади», - деди Президент.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг