Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: 3D сейсмик-қидирув ишлари 4 карра ортади

«Ўзбекнефтгаз»: 3D сейсмик-қидирув ишлари 4 карра ортади

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 2026 йил 1-чорак ҳамда «Долзарб 100 кунлик» дастури доирасида эришилган натижаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилишича, «Долзарб 100 кунлик» дастури доирасида амалга оширилган ишлар ўзининг амалий самарасини бериб, геология-қидирув ишларидан тортиб, бурғилаш, қазиб чиқариш, қайта ишлаш, инвестиция сиёсати ва ижтимоий ҳимоя йўналишларигача бўлган барча босқичларда тизимли ўзгаришлар кузатилмоқда.

Дастур доирасида, энг аввало, молиявий барқарорликни таъминлаш ва харажатларни мақбуллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан:

  • сарф-харажатларни тизимли қисқартириш ва оптималлаштириш натижасида ушбу чоракда 2,5 трлн сўм;
  • товар-моддий ресурслар ва хизматлар нархларини пасайтириш, дебитор қарздорликларни ундириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш натижасида 1,8 трлн сўм;
  • соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш орқали сақлаш харажатларидан 30 млрд сўм;
  • қурилиш ва бурғилаш лойиҳалари қийматини оптималлаштириш ҳисобига эса йил бошидан 438 млрд сўм тежалди.

Шунингдек, матбуот анжуманида 2026 йилда геология-қидирув ишлари мутлақо янги босқичга кўтарили айтилиб, замонавий 3D сейсмик тадқиқотлари асосида янги истиқболли майдонлар аниқланиб, заҳира базаси кенгайтирилиши таъкидланди.

«Республикадаги кон ва майдонларнинг чуқур геологик тузилишини ўрганиш ҳамда излов бурғилашга янги стуктуралар аниқлаш мақсадида жами 10 минг кв.км ҳажмда 3D сейсмик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 4 баравар кўп.

Шунингдек, ер қаъридан самарали фойдаланиш мақсадида 42 та инвестиция блоки бўйича рухсатномалар олинди. Замонавий геофизик ускуналарни жалб этиш, сейсмик тадқиқотлар сифатини ошириш орқали ресурс базасини кенгайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда», – деди компания  Бош геологи Нодирбек Муҳиддинов.

Таъкидланишича, пудратчилар билан илгари тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқиш натижасида нархларни 20 фоизгача арзонлаштиришга ва лойиҳа-смета ҳужжатларини такомиллаштириш ва ишларни бажариш муддатини 3 ойга қисқартириш ҳисобига умумий ҳисобда 26,3 млрд сўм тежамкорликка ҳам эришилган.

Шу билан бирга, жорий йилда компания тарихидаги энг катта бурғилаш ҳажми амалга оширилиши режалаштирилгани ҳам қайд этилди. Жами 102 та қудуқ бурғилаш кўзда тутилган бўлиб, шундан 57 таси излов-қидирув, 45 таси эса ишлатиш қудуқларидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг