Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Профилактика – соғлом келажак гарови: Юқумли бўлмаган касалликлар эрта аниқланади

Профилактика – соғлом келажак гарови: Юқумли бўлмаган касалликлар эрта аниқланади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда профилактикага алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳада 40 ёш ва ундан катта аҳоли орасида қандли диабет ҳамда артериал гипертонияни эрта аниқлаш кўрсаткичларини ошириш, қон тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш ва кексаларни мунтазам профилактик кўрикдан ўтказиш бўйича мақсадли индикаторлар белгиланган.

Стратегия лойиҳасига мувофиқ, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини сақлашда профилактика самарадорлигини ошириш режалаштирилмоқда. Айниқса, 40 ёш ва ундан катта аҳоли гуруҳида кенг учрайдиган касалликларни эрта аниқлашга қаратилган тадбирлар кучайтирилиши кўзда тутилган.

Лойиҳада катталар орасида (40 ёш ва ундан катта) қандли диабетни эрта аниқлаш кўрсаткичини 70 фоизгача, шунингдек, артериал гипертония касаллигини эрта аниқлаш кўрсаткичини 70 фоизгача ошириш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш орқали касалликларнинг асоратларини камайтириш, даволаш самарадорлигини ошириш ва эрта ўлим хавфини пасайтиришга интилиш назарда тутилади.

Қон хизмати тизимини мустаҳкамлаш ҳам профилактика ва даволашнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этилган. Лойиҳага кўра, тайёрланган қон миқдорини 450 минг литрга етказиш режалаштирилмоқда. Бу, ўз навбатида, шошилинч тиббий ёрдам, жарроҳлик амалиётлари ва қатор касалликларни даволашда қон компонентларига бўлган эҳтиёжни барқарор қоплашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш доирасида 55 ёш ва ундан катта аҳолининг 90 фоизини ҳар йили профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш вазифаси ҳам белгиланган. Бундан ташқари, 40 ёш ва ундан катта аҳоли орасида жисмоний фаол аҳоли улушини 50 фоизга ошириш мақсад қилинган (2025–2030 йиллар оралиғида ҳар 5 йилда бир маротаба тадқиқот ўтказиш режалаштирилган).

Мазкур чора-тадбирлар юқумли бўлмаган касалликларни эрта босқичда аниқлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзига интилишини кучайтириш ва умумий саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг