Бухорода 20 нафар абитуриент заҳарланди — вилоят ССБ расмий маълумот берди
Абитуриентларнинг саломатлиги нега ёмонлашганини аниқлаш учун қон намуналари экспертизага юборилди.
Кеча, 11 январь куни Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги ўқув марказида таҳсил олаётган 20 нафар абитуриент туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокимининг топшириғига мувофиқ, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев иштирокида ишчи гуруҳ тузилган. Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли стандартлари асосида лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилган.
Кўрилган тиббий чора-тадбирлар натижасида барча беморларнинг аҳволи яхшиланиб, улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилди.
Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилди. Айни пайтда барчасининг аҳволи қониқарли бўлиб, шикоятлари мавжуд эмас.
Шунингдек, беморлардан тегишли қон намуналари олиниб, белгиланган тартибда экспертизага юборилди. Экспертиза натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter