Самарқанд ва Қашқадарёда "ерсотар"лар қўлга олинди
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида донли экинлар етиштириш билан шуғулланувчи фермер хўжалик раҳбари ҳокимият тизимидаги танишлари орқали хўжаликнинг 3 гектар ер майдонини иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фермер хўжалик раҳбари олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Қарши туманида яшовчи, 1992 ва 1998 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, давлат захирасидаги 8 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали Кўкдала туманида истиқомат қилувчи фуқарога яшаш хонадони қуриши учун олиб бериш эвазига 180 млн сўм талаб қилган.
Улар олдиндан 10 минг доллар олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter