Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

4 ойда солиқ қоидабузарликлари ҳақида хабар қилганларга 12 млрд сўм мукофот берилди

4 ойда солиқ қоидабузарликлари ҳақида хабар қилганларга 12 млрд сўм мукофот берилди

Фото: Xabar.uz

2026 йилнинг январ–апрел ойларида «Солиқ» мобил иловасидаги «Солиқ ҳамкор» тизими орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан 43 799 та мурожаат келиб тушди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, мурожаатларнинг асосий қисми харид чеклари берилмаслиги билан боғлиқ бўлган.

Қайд этилишича, жами мурожаатларнинг 35 839 таси ёки 81,8 фоизи харид чеки бермаслик ҳолатларига тўғри келган. Шунингдек, 1 494 та мурожаат тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик, 90 таси эса карта орқали тўлов қилинганда харид суммасини сунъий ошириш ҳолатлари бўйича юборилган. Қолган 6 376 та мурожаат бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ бўлган.

Мурожаатлар асосида 27 681 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган. Текширувлар натижасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг 99,4 фоизи ўз тасдиғини топгани назорат механизмларининг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда.

Ҳисобот даврида фуқаролар томонидан юборилган хабарлар асосида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун 18 524 та ҳолат бўйича мукофот тўланган. Умумий мукофот маблағи қарийб 12 миллиард сўмни ташкил этган.

Амалдаги тартибга мувофиқ, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган фуқароларга ундирилган жарима маблағининг 20 фоизи миқдорида рағбатлантириш пули берилади.

Мукофотлар сони бўйича Тошкент шаҳри етакчилик қилган. Пойтахтда 3 776 та ҳолат бўйича 2,5 миллиард сўмдан ортиқ мукофот тўланган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилоятлари қайд этилган.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, келиб тушган мурожаатларнинг барчаси кўриб чиқилмаган. Жумладан, 12 021 та мурожаат такрорий бўлгани ёки шикоят қилинган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётгани сабабли қайта ишланмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг