Тожикистондан келтирилган 32 кг наркотик қўлга олинди
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда Тожикистондан келтирилган жами 32 кг наркотик моддалар фош этилди.
Тожикистондан контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи фуқаронинг Қўқон шаҳридаги яшаш хонадони ошхонасига яширилган 4 кг 572 гр “опий” ҳамда 1 кг 58 гр “гашиш” моддалари топилган. Шунингдек, унга тожикистонлик наркосавдогарлар WhatsApp мессенжеридан юборган геолокация орқали муқаддам Данғара тумани ҳудудига яшириб кетилган 9 кг 980 гр “опий” моддаси аниқланган. Унга гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлаб, истеъмолга тайёр ҳолатга келтиришда ёрдам берган шахс ҳам фош этилди. Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи бу шахснинг яшаш хонадонида нарколаборатория аниқланиб, бу ерда 7 кг 226 гр “опий” топилган.
Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган, маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Lacetti машинаси тўхтатиб кўздан кечирилган. Машинадан 5 кг 22 гр “опий” моддаси чиққан (34 минг АҚШ долларига сотиб олингани маълум бўлди). Тезкор тадбир давом эттирилиб, Lacetti ҳайдовчисига наркотикни сотган ҳамшаҳри ва унинг жиноий шериги — Тожикистон фуқароси қўлга олинган. Бундан ташқари, тожикистонлик фуқаронинг Ўзбекистон туманидаги хонадонидан ҳам 2 кг 362 гр “опий” моддаси топилган.
Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда эса Nexia автомашина тўхтатилиб, текширилганида унинг йўловчисига тегишли сумкадан 982 гр “гашиш” моддаси чиққан. Маълум бўлишича, у гиёҳванд моддани муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар Қўқон шаҳри ҳудудига яшириб кетган хуфия жойдан олган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2000 й.т. шахс Тожикистондан олиб келинган 989 гр “гашиш” моддасини харидорга 150 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter