Тошкент: Эски шаҳар ҳикоялари суратларда
Тошкентга ўқишга ҳужжат топшириш учун келганимда, илк ҳайратланганим метро бўлган. «Пахтакор» бекатидан чиқиб, 100-автобусга ўтирганмиз. Ва шу билан мен шаҳарга келганимни деярли ҳис қилмаганман: эшиги зўрға ёпиладиган тиқилинч автобус — ичида ҳаво йўқ, бир оёқда турганларнику айтмаса ҳам бўлади. Иссиқдан зўрға нафас оласан, ойналари хира, шовқин ва ҳатто орқа эшик яхши ёпилмаган. Автобус жин кўчалардан, пастқам дарвозали уйлар, нураган деворлар орасидан ўтар, у қадар чиройли манзара эмасди, балки гўё қишлоқ ичида юргандек эди.
Шунда ўйлаганман: «Тошкент чиройли, катта шаҳар дейишганди-ку, наҳотки у шунчалик эски ва хароб бўлса?...» Биз ўтирган автобус тўғри университет олдига борган.

фото: Анатолий Горокрик
Ўшанда мен тушунмаганман, нега шунча замонавий шаҳарда гўёки қишлоқ оралаб юрдик? Кейин билдимки, биз юрган кўчалар қишлоқ эмас, балки Пойтахтнинг юраги, аниқроғи, Тошкент барпо бўлган жой экан.
Орадан қанча йиллар ўтди... мен яна ўша жойларга қайтдим, хотира ва соғинч билан. Қизиғи шундаки, бу саёҳат ҳам ўша каби шаҳарда эндиликда деярли учрамайдиган, ўриндиқлари билан ўтмиш нафасини сақлаган автобусдан бошланди.
Фаробий, Чиғатой, Самарқанд дарвоза, Соғбон даҳалари... Олча, Дуторчи, Қўштут, Шоший кўчалари, тупик, яъни берк кўчалар, жин кўчалар — улар оралаб юрарканман, Тошкентнинг юрагида жойлашган ўтмишни, тарихни ҳис қилдим.
Бу саёҳат мен учун харита бўйлаб юриш эмас, балки вақт бўйлаб ортга қайтиш эди.
Саёҳатим Чиғатой кўчасидан бошланди, унга ёндош Сағбон кўчанинг бошланиши ҳовлилар деворларига релеф сурат (бўртма девор санъати) чизилган эди. Деворларда гўё шаҳар ўз хотирасини сўзлаётгандек: бўртма суратлар ичида ўша даврни ва одамларини учратасиз.


Очиғи ҳамма кўчалар бир-бирини такрорлаётгандек, агар аввал кирган кўчангизни эслаб қолмасангиз яна айланиб шу ерга келиб қолишингиз аниқ.


Энг қизиғи кўчаларда сақланиб қолган эшикларнинг тузилиши бўлди — бири икки тавақали, яна бири бир ва ҳатто ғайритабиий узун ва ингичка эшикларни ҳам учратишингиз мумкин:



Баъзи уйларнинг ташқари томони бошқатдан сувалган, баъзи уйларнинг ойна, ромлари алмаштирилган, аммо баъзи болохонали уйларнинг ҳамон ўша даврдагидек ўзгартирилмагани ўтмиш архитектурасини кўз олдингизда қайта жонлантиради:



Ўша даврдаги кўчалар нафақат тор ва узун бўлган балки зинали бўлгани янада қизиқ:



Эски кўчаларга, эски уйларга уларнинг эскилигини эслатиб турувчи ҳар қандай ашёлар ярашаверади:

Ушбу шиша лампа ҳам ҳар ҳолда тарихга айлангани рост...
Кўчаларда мана бундай уловда юрган ҳамшаҳарларимизни ҳам учратдим:


Шом пайти. Шу ерда яшайдиганларнинг эслашича, ушбу дўконга 40 йилдан ошибди.

Менга яна сирли кўринган нарса, бу мана шундай эшиклар ортидаги шу маҳаллаларда туғилиб яшаётган одамларнинг турмуш тарзи, ўй-хаёллари, ўтмиш билан боғлиқ хотиралари бўлди.


Боши берк кўча деб ўйлаганингиз яна бир кичик жин кўчаларга олиб чиқиши мумкинлиги ҳам ғалати ҳисларни берди...
Ва англадимки, бу ердаги ҳар бир хонадон, ҳар бир эшик ортида тарих ва бугунни боғлайдиган битмас туганмас-сирлилик бор. Ва буларни билиш учун албатта яна қайтаман...
Одатда саёҳатга чиқиш деганда инсонлар ўзга юртларнинг тарихига, маданиятига, шаҳарларига ҳавас қилади. Аммо моддий имкониятлар ҳамиша бунга имкон бермайди, лекин саёҳатдан оладиган таассуротларимизни биз ўз юртимизнинг қадимий жойларидан ҳам топишимиз мумкин. Тошкентнинг эски шаҳарини айланганимда, очиғи, хорижга чиққандай таассурот олдим. 2200 йилдан ортиқ тарихга эга бу шаҳарни уч кун айланиб чиқсангиз ҳам вақтингиз етмайди, ишонинг, унинг бой маданий мероси, тарихий муҳити сизга ўзгача ҳиссиётларни беради... яна ва яна қайтишни истаб қоласиз.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter