Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аҳмад аш-Шаръага қарши яна суиқасд уюштирилди

Аҳмад аш-Шаръага қарши яна суиқасд уюштирилди

Фото: AFP

Сўнгги ойлар мобайнида Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръага қарши иккита суиқасднинг олди олинди. Reuters агентлиги юқори мартабали мулозимларга таяниб хабар беришича, Сурия раҳбарига қарши суиқасдларни ИШИД террорчи гуруҳи ташкил этган.

Манбаларга кўра, ИШИД Аҳмад аш-Шаръа қатнашиши кўзда тутилган тадбирда фитнани амалга оширишни режалаштирган.

Сурия ахборот вазирлиги вакили хавфсизлик важидан суиқасдлар юзасидан изоҳ бермаган, аммо ИШИД Сурия ва бутун минтақа хавфсизлигига реал таҳдид солаётганини таъкидлаган.

Вазирликка кўра, сўнгги 10 ой давомида Сурия ваколатли идоралари бир қатор террорчилик ҳужумларининг олдини олган. 

Сурия раҳбарига қарши суиқасд ҳақидаги ахборот Аҳмад аш-Шаръанинг Вашингтонга тарихий ташрифи арафасида эълон қилингани эътиборни тортади.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Доналд Трамп 10 ноябрь куни Оқ уйда Аҳмад аш-Шаръа билан учрашди. Сурия ахборот вазири Ҳамза Мустафо учрашувдан сўнг Х платформасидаги саҳифасида Дамашқ АҚШ бошчилигидаги ИШИД террорчи гуруҳига қарши халқаро коалицияга қўшилганини маълум қилган. Вазирнинг таъкидлашича, мазкур келишув «фақат сиёсий характерга эга, унда ҳарбий жиҳат мавжуд эмас».

Аҳмад аш-Шаръа ҳукумати сўнгги ойларда ИШИДга қарши курашда АҚШ қуролли кучлари билан ҳаракатларни мувофиқлаштириб келаётгани айтилади.

Маълумот ўрнида: «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи 2024 йил 8 декабрь куни Cурия раҳбари Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги президентига айланди.

Жорий йил июль ойида ҳам Аҳмад аш-Шаръага қарши учта суиқасднинг олди олингани хабар қилинганди.

Аввалроқ Исроил давлатининг диаспора масалалари бўйича вазири Амихай Чикли Сурия муваққат президентини «террорчи» деб атаган ва уни ўлдиришга чақирганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг